"Машъал" шартномаси бор футболчисини қўйиб юборишга рози бўлди

“Машъал” жамоаси аъзоси Шохруҳ Достонов Муборак клубида етарлича ўйин амалиётига эга бўлмаётгани ва шу боисдан фаолиятини бошқа жамоада давом эттириш ниятида эканини, бироқ “Машъал” унинг амалдаги шартномаси борлиги сабабдан футболчига бошқа жамоага кетишга рухсат бермаётгани юзасидан ПФЛга шикоят билан мурожаат қилган эди.

Футболчиларнинг жамоадан жамоага ўтиши ва ўйинчиларнинг мақомини белгилаш қўмитаси мазкур ҳолат юзасидан атрофлича суриштирув ишлари олиб борди. Ҳар икки томон вазиятга ўз қарашларини баён этишди. Ўтказилган юзма-юз учрашувда “Машъал” жамоаси вакиллари, футболчи ҳамда унинг ота-онаси иштирок этишди. Якунда ҳар икки томон келишган ҳолда ўртадаги йил сўнггига қадар мавжуд бўлган шартнома бекор қилинадиган ва Шохруҳ Достоновнинг бошқа жамоага бориб қўшилишига “Машъал” қаршилик қилмайдиган бўлди. Бу ҳақда ЎзПФЛ расмий сайти хабар бермоқда.

Мазкур масала бўйича томонлар анча вақтдан буён бир тўхтамга кела олмаётган эди. ПФЛ якунда вазиятни тўлиқ ўрганиб чиқди ва ҳар икки томоннинг келишувига эришилди. Шохруҳ Достонов ва учрашувга ташриф буюрган унинг ота-онаси ушбу келишмовчиликнинг ижобий ҳал бўлганидан мамнунлигини билдиришди ва ЎФА ҳамда ПФЛ раҳбариятига ўз миннатдорчиликларини изҳор этишди.  

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!