“Машъал” ва Никита Павленко ўртасидаги шартнома бекор қилинди. Нега?
“Машъал” жамоаси ярим ҳимоячиси Никита Павленко ҳамда клуб ўртасида давом этаётган келишмовчилик 24 ёшли футболчининг мурожаатига асосан ПФЛ томонидан ўрганиб чиқилди.
Вазият атрофлича таҳлил қилингач, 2017 йилдан буён “Машъал” сафида ўйнаб келаётган футболчининг жамоа сафини тарк этмоқчилиги, бироқ клуб унинг кетишига рухсат бермаётгани аён бўлди. Гап шундаки, Никита Павленконинг Муборак жамоаси билан тузган шартномаси йил сўнггида ниҳоясига етарди. Футболчи амалдаги шартномаси тугашига 6 ойдан кам муддат қолганида бошқа жамоа билан музокара ўтказиш ҳуқуқига эга эканидан келиб чиққан ҳолда хориж клуби билан келишувга эришган. Лекин “Машъал” футболчини қўйиб юборишни истамади.
Ҳар икки томон билан вазият чуқур таҳлил қилинди ва якунда Павленконинг “Машъал” билан тузган шартномаси 4.3 бандида агар футболчи жамоадан олган рағбатлантириш маблағларини клубга қайтарса, жамоадан кетиши мумкин экани инобатга олиниб,“Машъал” ва Никита Павленко ўртасидаги шартнома бекор қилинди. Футболчи клуб ҳисоб-рақамига олган рағбатлантириш пулларини ўтказиб берди. Ҳар икки томон ҳам келишмовчиликнинг ижобий ҳал бўлганидан мамнунлигини билдирди.
- Фаолиятимни хорижда давом эттириш ниятим бор. Ҳар қандай футболчи ҳам ўз кучини чет элда синаб кўришни истайди. Бироқ "Машъал" билан ўртада бироз келишмовчилик юзага келди. Ҳар икки томонни ҳам тинглаб, ҳеч кимни ҳафа қилмайдиган қарор қабул қилинишида амалий ёрдам кўрсатган ЎФА ва ПФЛ раҳбариятига ўз миннатдорчилигимни билдираман, - деди 24 ёшли футболчи.
Фикрлар