Мессини қандай рекордлар кутмоқда? (Эркин Ғайбуллаев блоги)

Ноябрь ойининг охирларида “Барселона” ҳужумчиси Лионель Месси жароҳатидан фориғ бўлгач, Чемпионлар Лигасида янги кўрсаткични ўрнатишга муваффақ бўлди. Бундан буён Аргентина терма жамоаси аъзоси қитъамизнинг энг нуфузли турнирида бир жамоа сафида энг кўп гол урган футболчига айланди. Месси “Барселона” учун 106 та гол урди ва азалий рақиби Роналдуни битта голга ортда қолдирди. “Реал”нинг собиқ ҳужумчиси жамоаси учун 105та гол урган эди. Лионельнинг ушбу рекордини Роналду энди қувиб ета олмайди. Сабаби Роналду барча рекордларни қайтадан ўрнатиш учун Италия жамоасига йўл олган.

“Ўзга сайёралик” бундан ташқари қуйидаги рекордларни ҳам янгилаши мумкин.

Ла лигада умумий хет-триклар сони бўйича;

Барселонадаги профессионал фаолияти давомида Лионель Месси 42 та хет-трикка эришган бўлиб улардан 5 тасини покерга айлантира олган ва яна бирини эса пента-трик қилишга эришган.

Месси Ла Лигада 30 та, Чемпионлар Лигасида 8 та, Испания Кубогида 3та ва Испания Суперкубоги учрашувида 1 мартадан хет-трик қилишга эришган.

Ҳозирча Ла Лига тарихидаги хет-трикларнинг умумий сони бўйича энг яхши футболчи Криштиану Роналду бўлиб, 34 ўйинда рақиблар дарвозабонини камида уч марта ранжитган.

Ла Лигада мавсумининг охиригача 24 та ўйин бор ва уларнинг 5тасида Мессининг омади келса, рекорд албатта, янгиланади.

“Барселона” футболчилари орасида ”Эль-Класико“ да иштирок этиш бўйича;

Ҳозирда Лионель Месси “Барселона”нинг абадий рақибига қарши 38 та “классик” ўйинда иштирок этди. Бу ўйинларнинг 24 таси Испания чемпионати, 6 таси Испания кубогида, 6 таси Испания Суперкубогида ва 2 таси евркубоклар доирасида бўлиб ўтган.

Месси “Барселона” ўз майдонида 5:1 ҳисобида мағлубиятга учраган жорий мавсумдаги биринчи ўйинни ўтказиб юборди. Шу сабабли, бу мавсум Месси “Реал” га қарши ўйинлар ҳисоби бўйича рекордчига ета олмайди. Бундай рекорд “Реал”нинг собиқ ҳимоячиси Мануэл Санчисга тегишли. Унда ўйинлар сони 43та.

“Пичичи соврини”га эгалик қилиш бўйича;

“Пичичи соврини” 1929 йилдан бери ҳар йили Испания чемпионатида йилнинг энг яхши тўпурари учун Марcа нашри томонидан берилади.

Ҳозирда ушбу совринларни ютиш бўйича “чемпионлар” Лионель Месси ва Телмо Сарра ҳисобланади. Уларнинг ҳар бири “Пичичи” ни олти марта қўлга киритган. Месси буни 2009/10, 2011/12, 2012/13, 2015/16, 2016/17 ва 2017/18 мавсумларида “Барселона” таркибида, Саррра эса ва 1944/45, 1945/46, 1946/47, 1949/50, 1950/51 ва 1952/53 мавсумларда “Атлетико Бильбао” таркибида қўлга киритган.

Агар Испания чемпионатининг ҳозирги мавсумида Месси яна бир марта ушбу мукофотни қўлга киритадиган бўлса, у бу совринлар сони бўйича рекордчига айланади. Лионель бу мавсумда ҳозирча 9та гол уришга муваффақ бўлди. Тўпурарлар пойгасида “Жирона” ҳужумчиси Кристиану Стуани ҳозирча биринчи. Унинг ҳисобида 11 та гол бор.

Испания Кубоги финалларида голли ўйинлар сони бўйича;

Испания кубогининг ҳал қилувчи ўйинларида Барселона ажойиб статистикага эга. Бу жамоа 40 маротаба финалгача етиб борган ва уларнинг 30 тасида ғолиб чиқишни уддалай олган - бу турнир рекордидир. Алоҳида таъкидлаш жоизки, Испания кубогини 4 йилдан бери Каталония клуби ҳеч кимга бермай келмоқда.

Испания кубогининг энг яхши тўпурари Тельмо Сарра бўлиб, у 74 ўйинда 81 та гол киритди. Лионель Месси рекорд эгасининг энг яқин таъқибчиси, аммо унда голлар сони 48та ҳисобланади.

Аммо Месси Саррани бир жиҳатдан мағлуб эта олиши мумкин. Ҳозирда финаллардаги муваффақиятли иштироклар сони бўйича икки футболчи ҳам тенг кўрсатгичга эга. Агар бу йил Месси финалда гол урса, бу рекорд мутлақ Мессига тегишли бўлади.

“Барселона” сафида Чемпионлар Лигасида ғалабалар сони бўйича;

Ҳозирда Лионель Месси тўртта Чемпионлар Лигаси совриндори. У 2005/09, 2010/11, 2014/15 йиллар мавсумида “Барселона” таркибида муваффақият қозонган. Месси билан бирга Чемпионлар Лигасида тўрт бора ғолиб-Андрес Иньеста ва Хави Эрнандес. Шунингдек, Жерар Пике ҳам Чемпионлар Лигаси совринини 4 бора боши узра баланд кўтарган. Аммо уларнинг бирини МЮ таркибида эришганини инобатга олиш жоиз.

Андрес Иньеста ва Хави Эрнандес энди “Барса” таркибида эмаслигини ҳисобга олсак, агар бу йил Каталония клуби Чемпионлар Лигасида ғалабага эришса, рекордларни янгилаб чарчамаётган Месси ён дафтарига яна бир рекорд ёзиб қўйилади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!