Миржалол Қосимов: "Металлург" билан дуранг ўйнашдан қониқиш ҳосил қилдим
Pepsi Суперлигаси 17-туридан ўрин олган "Металлург" - "Бунёдкор" (1:1) ўйинидан сўнг ўтказилган матбуот анжуманида "қалдирғочлар" устози Миржалол Қосимов учрашув борасидаги ўз фикрларини айтиб ўтди.
"Бугун жуда қизиқарли, томошабоп ўйиннинг гувоҳи бўлдик. Негаки, мавсум охирлашган сайин барча жамоалар очко жамғаришга ҳаракат қилишяпти. "Металлург" ҳам кучли олтиликка киришга асосий даъвогарлардан, шу маънода бугунги ўйиннинг натижасидан қониқиш ҳосил қилдим. Кийиниш хонасига бориб барча ўйинчиларга бугунги меҳнати учун миннатдорлик билдирдим. Футболда ҳар хил вазиятлар бўлади. Ғалаба, мағлубият ёнма ён юради. Бугун мен ўйлайманки иккала жамоа ҳам юз фоизлик натижа учун курашди.
Жамоамизнинг янги ўйинчилари ҳақида гапирадиган бўлсам, Дилшодда ўйин амалиёти бироз кам. Вақт ўтиб, у спорт формасини тиклаб олса, жамоамизга катта фойдаси тегади. Раевацда ҳам жароҳат бор, акс ҳолда уни ўйиннинг илк дақиқаларидан майдонга туширса бўлади. Азизбек Ҳайдаров ҳақида эса таърифларнинг ҳожати йўқ. У ёшларимизни ортида эргаштира оладиган, уларга тажрибасини ўргатадиган етакчи, маҳоратли футболчи. Бу трансфер жамоамизнинг энг катта ютуқларидан бири бўлди", - деб айтиб ўтди Қосимов.
Фикрлар