Мирзаҳаким Тўхтамирзаев терма жамоа ҳақида ёхуд Осиё Кубоги-2019 сабоқлари
БААда навбатдаги Осиё кубогида Ўзбекистон нимчорак финалда ютқазиб, уйга эрта қайтди.
Турнир якунланиб, Қатар тарихда илк маротаба чемпионлик шоҳсупасига кўтарилганидан буён мухлислар ва журналистлар муҳокамаси қизғин давом этмоқда.
Бу бежиз эмас, албатта. Боиси – ҳаммамизнинг ватанпарварлигимизда. Қандай ўйин намойиш этиши, қайси поғонадан жой олишидан қатъи назар, Ўзбекистон термасини яхши кўрамиз. Ҳамма ўз нуқтаи назаридан келиб чиқиб фикр билдирмоқда, хулоса чиқармоқда. Ҳар биримиз ўзимизча ҳақмиз. Лекин нима учун терма жамоамиз уйга қайтганидан сўнг икки ҳафтадан кўпроқ вақт ўтса-да, бош мураббийнинг матбуот анжумани ташкил этилмаяпти, батафсил таҳлили жамоатчилик эътиборига ҳавола қилинмаяпти. Эктор Купернинг ҳисоботи кўпгина саволларга жавоб топишимизга кўмаклашиб, ноўрин мулоҳазаларни камайтириши аниқ-ку.
Бугунги кунда долзарб масалалар бўйича ҳатто вазирлар тезкорлик билан оммавий ахборот воситаларида чиқиб турган бир вазиятда футбол бўйича терма жамоа устозининг сукут сақлаши айниқса ғайритабиий туюлмоқда. Натижа учун бош мураббий ва уни тайинлаганлар жавоб бериши керак.
ОК-2019да терма жамоамиз ўз олдидаги вазифани бажара олмади. Аммо салбий натижадан ҳам тегишли сабоқ чиқариш кейинги мусобақаларда яхшироқ қатнашиш учун замин ҳозирлашини ёдда тутган мақсадга мувофиқ.
Турнир ва унинг хулосалари ҳақида соатлаб гапириш мумкин. Биз бугун фақат айрим сабоқларга тўхталмоқчимиз, холос.
Тайёргарлик жараёнини ташкил қилишда хатоларга йўл қўйилганини тан олиш даркор.
Австралиядаги йиғин самара бермади. Футболчилар чарчагани қолди, холос. Ўша ҳафтани БАА ёки Қатарда фойдалироқ ўтказиш мумкин эди.
Жамоадагилар бир-бирини мусобақа шароитида яхшироқ тушунишига эришиш учун ўйин амалиёти зарурлигини ҳамма билади. Лекин Туркиядаги йиғинда, сўнгра БАА ҳудудида турнир арафасида бирортаям назорат учрашуви ўтказилмади.
“Жароҳат олиш мумкинлиги хавфи” ёки “ОК-2019 иштирокчилари билан ўйин ташкил этиш имкони топилмади” каби баҳона сифатида айтилган сабаблар ишонарли чиқмади. Биринчидан, жароҳатни машғулотдаям олиш эҳтимоли мавжуд. Иккинчидан, турнир иштирокчилари мусобақада қатнашмайдиган термаларгина эмас, ҳатто ўртамиёна клублар билан ҳам ўйин ўтказишди. Улар таркибдаги футболчилардан ким қандай ҳолатда эканига аниқлик киритиб, мусобақани шай ҳолда бошлашди. Фақат Ўзбекистон термасигина ҳеч ким билан ўйнамади!
Таркиб шакллантиришдаги камчиликлардан хулоса чиқариш зарур.
Бугун ҳар биримиз Купер кимларни олиб кетганида яхшироқ натижага эришарди деган саволга турлича жавоб беришимиз мумкин. Сиз мана бу ва у футболчи термада ўйнашга лойиқроқ эди деб ҳисоблайсиз. Мен Виталий Денисов, Рустамжон Ашурматов, Акрамжон Комилов, Темурхўжа Абдуҳолиқов кабиларни таркибга қўшардим. Боиси санаганларимнинг учтаси келгуси жаҳон чемпионати циклида ҳам наф келтириши мумкин бўлганлардан эканини инкор этиш мушкул.
Аммо натижа учун бош мураббий масъул ва айнан у ўзи хоҳлаганларни таркибга киритиш ҳуқуқига эга.
Шундай бўлса-да, ҳужумда рақобат таъминланмагани мураббийлар томонидан эътиборга олинмади. Сентябрь, октябрь ва ноябрда Купер фақат ва фақат Бикмаевга ишонишини таъкидлашдан чарчамади. ОК-2019даги биринчи учрашувда эса унинг бу борада адашгани аён бўлиб қолди. БААга “турист” сифатида бориб келганлардан кимнингдир ўрнига Темурхўжа Абдуҳолиқов боргани яхши эмасмиди?
Янаям, Эктор Купернинг бахтига, Элдор Шомуродов сермаҳсул ўйин намойиш этди. Ўзига берилган имкониятдан самарали фойдаланди. Лекин бу шанс Элдорга мураббий режаси асосида эмас, вазият тақозоси билан тақдим этилганига нима дейсиз... Уммон билан баҳс тақдирини ҳал қилиш зарур бўлган бир пайтда ишлари юришмаётган Бикмаев ўрнига ҳужумда ўйнаши мумкин бўлган ягона футболчи Шомуродов сафга қўшилди. Шу куни гол ургани учун кейинги турда асосий таркибдан жой олди. Бу сафар дублга эришди. Муваффақиятдан руҳланиб, японлар дарвозасини ҳам ишғол қилди.
Таққослаш учун ўйини олқиш олган бошқа термаларга разм соламиз. Япония, Қатар, Вьетнам каби жамоалар таркибида умидли ёшлар кўпчиликни ташкил этганига эътибор бердингиз, албатта.
Японлар ёши ўтиб қолган бир қатор кучли футболчиларни БААга чақиришмади ҳам. Гуруҳ босқичидаги учта турда Кунчиқар юрт термаси рўйхатига киритилган 23 футболчидан 22 таси майдонга тушиб улгургани бежиз эмас. Тренерлар ОК-2019 нафақат нуфузли мусобақа, балки тобора яқинлашиб келаётган 2020 йили Токиода ўтадиган олимпия ўйинлари ва кейинги жаҳон чемпионатига тайёргарлик босқичи эканини амалда исботлашди.
Турнир тўпурари ўтган қишда 23 ёшга етмаганлар орасидаги Осиё чемпионатида қатнашган қатарлик Али бўлгани диққатга сазовор. Умуман олганда, Қатар 2018 йилги жаҳон чемпионати саралашидаги муваффақиятсизликдан кейиноқ таркибни кескин яшартириб, ОКгача ва турнир мобайнида жамоа ўйинини кучайтиришга эришгани таҳсинга лойиқ. Авваллари терма жамоа ўзагини хорижда камол топганлар ташкил этарди. Бугунги кунда Доҳадаги футбол академияси тарбияланувчилари ўз сўзларини айтишди. Биз эса...
Футболимиз мутасаддилари Куперни таклиф этишда вақт йўқотишгани етмагандай, қўшимчасига барибир ижобий натижага эриша олмаганимиз ОК-2019дан тажриба орттириш мақсадида фойдаланиш имкониятини бой беришди.
Масалан, ўтган йили ёшлар ўртасида қитъа чемпионатининг “Энг яхши ўйинчиси” сифатида эътироф этилган Одилжон Ҳамробеков майдонга бирор дақиқагаям туширилмаганига қандай сабаб топиш мумкин? Асосий етакчиларни захирада қолдириб бошлаганимиз Япония билан гуруҳдаги сўнгги тур учрашувида Ҳамробеков ўйнаса зарар келтирармиди?
Турнир давомида кўплаб ҳақли олқишларга сазовор бўлган Игнатий Нестеров эмас, захирадаги ёшроқ дарвозабонлардан бири сафга қўшилгандаям ўша куни натижа амалдагисидан ёмон бўлмасди. Барибир, ютқаздик-ку...
Тренерлар штаби хусусида...
Ўйин услубимиз ҳақида гапирмоқчи эмасман. Тренер ўз фикрига эга. Лекин мураббийлар штабида маҳаллий мутахассис бўлиши кераклигига аввал ҳам эътибор қаратган эдим. Тасаввур қилайлик, агар Равшан Ҳайдаров ОК-2019да Купер билан бирга ишлаганида ҳеч бўлмаса пенальтилар сериясида кимга ишониш мумкинлиги хусусида ўз фикрини билдирарди. Ёдингизда бўлса, Бикмаев пенальтидан гол уролмаган ОК-2004да термамизни айнан Равшан Акмалович бошқарган эди. Захирадагилар билан алмаштирилган Шомуродов ва Ҳамдамов ҳам одатда 11 метрли нуқтадан ишонч билан гол уришган. Психологиянинг таъсирини ҳозиргача ҳеч ким инкор этолмаган ахир.
Чемпион ҳақида иккита факт
Осиё Кубогини Қатар термаси қўлга киритди!
Жамоа Саудия Арабистони, Ироқ, Шимолий ва Жанубий Корея, мезбон БАА ва Япония каби кучли жамоаларни енгди. Феликс Санчес шогирдлари ярим финал ва финалда рақибларини ночор аҳволга солиб қўйиб, тор-мор келтиришди! Ўзбекистон термаси фақат қўшниларимиз билан ўйинда сезиларли устунликка эришди, холос.
Сиёсий муносабатлар туфайли гўёки душман ҳудудида ўтказилган турнирда қатарликлар 19та гол уриб, ўз дарвозаларидан фақат финалда битта тўп ўтказиб юборишди, холос. Бизникилар Купернинг тактикаси асосида ўйнаб, шундай натижага эришишига ишонасизми? – Мен ишонмайман.
БААдаги турнирдан аввал газеталардан бири ўтказган сўровнома саволларига жавоб бериш чоғида Ўзбекистон Осиё кубогида максимум чорак финалга чиқади дегандим. Жамоамизни ёмон кўрганим учун эмас, вазиятга реал баҳо бериб, шундай тахмин қилгандим. Амалда нимчорак финалда тўхтадик...
* * *
Эктор Купер келганида зиммасидаги асосий вазифа Ўзбекистонни жаҳон чемпионатига олиб чиқиш экани таъкидланганди. Унинг ўзи мабодо ОК-2019да ишлар ўхшамаса, хафа бўлмай хайрлашиб кетишини айтганди. Ҳозирча аргентиналик мутахассис юртимиздаги фаолиятини давом эттирадиган бўлиб турибди. Демак, сизу бизнинг кутиш ва умидвор бўлишдан бошқа чорамиз йўқ. Лекин ўтган даврдаги йиғинлар ва ўйинларни таҳлил қилиб, Купер билан Қатарга боришимизга кўзим етмаяпти. Адашган бўлиб чиқсам, асло ранжимайман.
Фикрлар