"Наврўз-2018" марафони бўлиб ўтди (фото)

  Эрта тонгда пойтахтимиз кўчалари спортсевар ёшлар билан гавжум бўлди. Юзлаб ёшлар Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ва Ўзбекистон енгил атлетика федерацияси ҳамкорлигида ташкил этилган “Наврўз – 2018 марафони”да фаол қатнашди.
  Пойтахтдан ташқари республикамизнинг барча ҳудудларининг марказий кўчаларида 21 километрдан иборат масофада ташкил этилган марафонда олий ўқув юртлари талабалари, мактаб ўқувчилари, фахрийлар, уюшмаган ёшлар ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди. Ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, жисмоний тарбия ва спортни ёшларнинг кундалик турмуш ҳаётига киритиш мақсадида ташкил қилинган марафонда уч хил: 2018 метр, 3 ва 21 километрлик масофаларда баҳслар ўтказилди. Пойтахтимизнинг Нукус кўчасидан “Пахтакор” марказий стадионигача бўлган кўчаларда ўтказилган мусобақаларда марра чизиғига биринчилардан бўлиб етиб келган иштирокчиларни ташкилотчилар велосипедлар, диплом ва медаллар билан тақдирлади. Қолган барча қатнашчиларга фахрий ёрлиқлар топширилди.
Шунингдек, марафон қатнашчилари учун концерт ташкил етилиб, унда ёшларнинг севимли санъаткорлари куй-қўшиқлари билан иштирок этди.

Манба: uza.uz

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!