"Нефтчи", "Андижон", "Шанхай СИПГ" ва "Реал" клубига оид хабарлар
Хабарингиз бор, сайтимиз томонидан “Ҳафта воқеликлари” дея номланган лойиҳани тақдим этиб келмоқдамиз. Сиз унда ўзбек, Осиё ва жаҳон футболида содир бўлган ҳафтанинг энг муҳим воқеликлари билан танишишингиз мумкин.
Дастлаб ўзбек футболи ҳақида.
1.“Нефтчи” муддатидан олдин Про-лигага тушиши аниқ бўлди. “Андижон” эса “Истиқлол”ни мағлуб этиб, Суперлигага йўлланмани қўлга киритди
Яхшиямки, “Андижон” Суперлигага чиқди. Агар “Истиқлол” биринчи ўринни қўлга киритганда, ким билади дейсиз, балки яна янги мавсумда “Нефтчи”ни Суперлигада кўрармидик.
2.Одил Аҳмедов “Шанхай СИПГ” таркибида Хитой чемпионига айланди. Энди терма жамоамиз сардорининг совринлари қаторида Хитой олтини ҳам бор
3.“Реал” клуби президенти кутилмаган қарорга келди. Мураббий номи эълон қилинди. Солари билан мавсум якунигача эмас, балки 2021 йилнинг ёзигача шартнома имзоланди
4.Вертолётдаги тайландлик сеҳргар «учиб кетди». Футбол жамоатчилиги миллионлар ўйинининг жонкуяр раҳбарларидан бирини йўқотди. “Лестер” кўчаларида 50 минг мухлис марҳум президент жаноб Вишай билан хайрлашди.
Олий лига 2017 йилги мавсумида муваффақиятсиз иштирок этиб, чемпионат билан хайрлашган “Нефтчи” клуби бир қанча муддатдан сўнг Суперлигада иштирок этиши маълум қилинди. Фарғоналиклар чемпионатда қандай қатнашишганини барча кўрди.
Биринчи лига ғолиби бўлиб, ўз мухлислари ва ҳомийси бор жамоа тақдиридаги бундай бурилиш қуйи лига вакилларининг Суперлигага интилишини камайтиради. Чунки шунча меҳнат қилсанг-да, бошқа клуб номи билан бошқа шаҳарда тўп тепишингга тўғри келса. Қувасойликлар ғалаба қозонишганида ЎФА биринчи вице-президенти бориб табриклаб келганди ва уларга Суперлигада ҳам мана шундай ўйинлар ўтказишларини тилаганди. Аммо орадан вақт ўтиб, ўша билдирилган фикрлар клубга насиб этмади. “Цементчи” “Нефтчи”га айлантирилди! Тўғри, футболчилар мамлакат биринчилигида тўп тепишмоқда. Аммо қувасойлик мухлисларда нима айб?
“Нефтчи” клубининг шонли тарихга эга эканлиги боис фарғоналиклар мутасаддилари “Цементчи”ни “Нефтчи” қилишга қарор қилишган эмиш. У бўлди, бу бўлди, ўртада иштиёқи баланд - “Цементчи”ни йўқотдик.
Қувасойликларнинг ўрнига Суперлигада қатнашган “Нефтчи” мана яна чемпионатни тарк этиши муддатидан олдин аниқ бўлди. Агар “Цементчи” ўзи қатнашганда балки яхшироқ натижа кўрсатармиди? Яна ким билади дейсиз.
“Андижон” клуби Про-лиганинг 35-турида Суперлига йўлланмасини нақд қилди. Андижонликлар Фарғонанинг “Истиқлол” клубини 2:1 ҳисобида таслим этишди. Беллашувдан сўнг жамоа бош мураббийи Элдор Сакаев ва клубининг мавсумдаги энг яхши футболчиси деб топилган жамоа тўрурари Шаҳбоз Жумабоевга “Cobalt” автомобиллари берилди. Қолганлар эса пул мукофотлари билан тақдирланди.
Яхшиямки, Андижон бошқа вилоятда ёки “Истиқлол” Суперлигага чиқмади (ҳозирча, албатта). Акс ҳолда “Истиқлол” ўрнига яна ўша шонли тарихи бор “Нефтчи” Суперлигада қатнашармиди?!
Сўзимиз якунида “Нефтчи” ҳақида икки оғиз: Олий лиганинг охирги мавсумини тарк этган ҳам, Суперлига билан биринчи бўлиб хайрлашган ҳам айнан “Нефтчи” ҳисобланади.
2.Хитой Суперлигасида 29-турдан сўнг чемпионлик масаласи ҳал этилди. Ҳамюртимиз Одил Аҳмедов тўп тепадиган “Шанхай СИПГ” клуби ушбу турда “Бэйжинь Жэньхе” клубини қабул қилди ва 2:1 ҳисобида ғалаба қозонди. Беллашувдаги илк голга Одил Аҳмедов муаллифлик қилди. Терма жамоамиз сардори Одил Аҳмедов ҳудди Осиё кубоги-2011да қатарликлар дарвозасини ишғол қилгани каби гол урди.
Эътиборлиси, ушбу ғалабадан сўнг Аҳмедовнинг жамоаси очколари сонини 68 тага етказиб олди ва сўнгги тур олдидан энг яқин тақибчиси ҳисобланган “Гуанжо Эвергранд”ни нақд 8 очкога ортда қолдирди. Шу тариқа “Шанхай СИПГ” муддатидан аввал мамлакат чемпионлигини қўлга киритди.
Одил Аҳмедов жорий мавсум Хитой Суперлигасида жами 19 та ўйинда майдонга тушиб, ўз ҳисобига 1 та гол ҳамда 3 та голли узатма ёздириб қўйишга эришди.
Эслатиб ўтамиз, Одил Аҳмедов “Шанхай СИПГ” таркибида 2017 йилги Хитой кубоги финалчиси ҳисобланади.
Шунингдек, Одил Аҳмедов муваффақиятга эришган куни яна бир ҳамюртимиз Жаҳонгир Абдумўминов Тожикистон чемпионлигини қўлга киритди.
Душанбенинг "Истиқлол" клуби ўз тарихида еттинчи марта Тожикистонда тенгсиз деб топилди.
Мусобақа якунланишига бир тур қолганида “Истиқлол” клуби турнир жадвалида ўзидан кейин иккинчи ўринда бораётган "Хўжанд"дан беш очко олдинда. Шу боис душанбеликлар мамлакат қолиблигига эришишди.
Маълумот ўрнида, Ўзбекистон Кубоги соҳибига айланган АГМК ўз майдонида ОЧЛ-2019 саралашида 12 февраль куни айнан Тожикистон чемпионига қарши майдонга тушади. Ушбу жуфтлик ғолиби 19 февраль куни Саудия Арабистонида "Ал Насср" меҳмони бўлади.
3.Мадриднинг “Реал” жамоаси раҳбарияти Сантьяго Соларини бош мураббий лавозимига расман тайинлади. “Реал” клуби президенти Флорентино Перес аргентиналик мутахассиснинг фаолиятидан тўлиқ қониқиш хосил қилмоқда ва айнан шу сабабли уни жамоада қолишини истади. Натижада, 42 ёшли мутахассис мадридликлар билан 2021 йилнинг 30 июнига қадар шартнома имзолади.
Бир неча ҳафта олдин Солари “Реал” бош мураббийи лавозимидан озод этилган Хулен Лопетеги ўрнини вақтинча эгаллаган эди. Солари қўли остида “қироллик клуби” Ла Лигада 4 ўйин ўтказиб, барчасида зафар қучди. ЕЧЛда “Виктория” жамоаси 5:0 ҳисобида таслим этилди.
Маълумот учун, “Реал” Испания чемпионати 12-туридан кейин 20 очко билан турнир жадвалининг 6-ўринидан жой олмоқда. ЕЧЛда эса 9 очко билан гуруҳда пешқадамлик қилмоқда.
4.Яқинда барча обрўли инглиз нашрлари «Лестер» клуби хўжайини Вишайнинг «Лестер» ва «Вест Хэм» учрашувидан кейин ҳалок бўлгани ҳақидаги сарлавҳалар билан ҳаммани оёққа турғазганди.
Воқеа ва унинг тавсилотлари борасида етарлича эшитганлигингиз аниқ. Шу сабабдан биз ҳозир сизларга жаноб Вишай борасида маълумотлар бериб борамиз. Бир неча кун олдин 50 мингга яқин одам "Лестер" стадионида марҳум президент билан хайрлашди.
Охирги икки ҳафтада Лестерда жуда кўп кўз ёш тўкилди. Аммо раҳмдиллик, меҳрибонлик, ҳурмат ва клубга бўлган меҳр пайдо бўлди. Ўз вақтида марҳум Вичай айнан шуни истарди.
У клуб учун кўп нарса берган шахс ҳисобланади. Шунингдек, айнан унинг номи бевосита клубнинг икки муҳим воқелиги – 2015-16 йилги Премьер лига ғолиблиги ва бир йил ўтиб Европа чемпионлар лигаси чорак финали билан боғлиқ.
Барчаси нимадан бошланганди?
Вишайнинг хизматларини айтишдан олдин унинг биографиясидаги баъзи қизиқарли лаҳзаларни эслаш жоиз. Зеро, мана шулар ушбу шахснинг ва клубнинг бурилиш нуқтаси ҳисобланади. Ким билсин, агарда у бошқа клубни сотиб олганида (у Лондон жамоаларидан бирини олмоқчи эди) эҳтимол шанба кунги вертолёт ҳалокати содир бўлмасмиди.
Демак, 2004-05 йилги мавсум. «Лестер» номли футбол жамоаси бир йиллик танаффус билан бир неча йил Премьер Лиганинг ўртамиёна клуби бўлиб келди. Аммо бироз вақт ўтиб улар Англияда Чемпионшипга тушиб кетишди. 2009-10 йилги мавсумда вазият бироз ўзгарди. Жамоа Премьер Лига йўлланмасини берувчи плей-офф босқичига қадар етиб келди. Бироқ якунда улар рақибга енгилишди.
Айнан ўша паллада катта саҳнага Вишай чиқиб келади. У ўзининг «King Power» хусусий компанияси билан 2010 йилда ҳомийлик қилади. Бир неча ҳафта ўтиб тайландлик бизнесмен Милан Мандаричга тегишли «тулкилар»ни тўлиқ сотиб олишга қарор қилади. Айтганча, кўплаб манбаларга кўра, клуб унинг ўғли Айаваттадан совға бўлиши айтилади. 2010 йилдаёқ у инглиз жамоасининг тўлақонли хўжайинига айланди ва клубни иқтисодий қарорлари билан Чемпионшипнинг ўртамиёна ўрнидан элита лигага олиб чиқишга жиддий киришади.
Вишай 1989 йилда асос солган «King Power» компанияси орқали катта пул топди. У Осиёдаги энг жозибадор йўналиш – Бангкок аеропортида божсиз савдо билан шуғулланувчи дўконлар тармоғига асос солади. Дўконлар тармоғи номи сўзма-сўз «қирол ҳукмронлиги» деб таржима қилинади. Ушбу ном тасодиф туфайли танланган эмас. Бошида «King Power» Вишай ва расман ҳукмрон элита бўлган ўша вақтдаги туризм бошқарувчиларига тегишли бўлган.
Айнан шу сабабли дастлабки вақтларда Вишай Чемпионшипни таниқли футболчилар ва мураббийлар билан жонлантиришга уринди. Ушбу лойиҳадаги энг таниқлиси, албатта, жамоани 2010-11 йилларда бошқариш учун швециялик мураббий Свен-Йоран Эриксен таклиф қилинди. Аммо булар ҳеч қандай самара бермагач, тайландлик миллиардер босқичма-босқич ривожланиш стратегиясини танлади. Бу эса келажакда «Лестер»нинг Чемпионшипнинг энг ёмон клубидан мисли кўрилмаган муваффақиятларга эришишига замин яратди.
Ботқоқликдан юксакликкача
Босқичма-босқич ривожланиш лойиҳаси клубни орадан 11 йил ўтиб Премьер Лигага қайтишига олиб келди. Бу вақт ичида «Лестер» секинлик билан Осиё бозорида, айниқса клуб хўжайинининг она ватанида бренд сифатида танилишига туртки берди. Клуб Осиёда ўсиб бораётган аҳолисидан қўшимча даромад ва узоқ минтақаларда ўз брендини танитишни ният қилган гранд клублар ортидан борди. «King Power» дўконлари клубнинг расмий атрибутикалари билан тўлдирилди, Чемпионшипдалиги вақтидаёқ клубнинг Осиё бўйлаб турнелари одатий ҳолга айланди. Айнан шу вақтда «Лестер»нинг унутилмас тарихи бошланганди.
Аммо юқори дивизионга қайтган мавсумида клуб сал қолса яна қуйи дивизионга равона бўларди. Мавсум ўрталарида «тулкилар» хавфли зона атрофида айланиб юришди. Вазиятни жамоа бошқарувига олиб келинган Найжел Пирсон қутқарди. У жамоа билан қаторасига етти ўйинлик ғалабали серияни ўрнатди ва клубни элитада олиб қолди. Жамоанинг кейинги мавсумга тайёргарлик кўриши пайтида таркибнинг уч футболчиси – Адам Смит, Том Хоппер ва бош мураббийнинг ўғли Жеймс Пирсон Бангкокдаги меҳмонхоналардан бирида бўлиб ўтган ахлоққа зид бўлган ишлари билан муҳокамалар марказига тушиб қолди. Бу ҳолатга хатто бош мураббийнинг ҳам аралашиб қолгани, видеонинг интернет тармоғида тарқалиб кетиши ортидан клуб уч футболчиси билан дарҳол хайрлашди. Сал ўтмай клубнинг обрўсини сақлаб қолиш учун бош мураббийни ҳам истеъфога чиқарди. Вишай ўз олдига клуб манфаатлари ва обрўсини сақлаш вазифасини қўйди. Сабаби мухлислар Пирсон тимсолида клуб ҳалоскорини кўраётган эди.
Кейинчалик клуб бош мураббийилигига Клаудио Раньери келди ва у бир қатор эътибордан четда қолган футболчилар билан “Лестер”ни 2015-16 йили Англия чемпионига айлантирди.
Мавсум якунига кўра Вишай соврин учун жамоасини муносиб тарзда қутлади ва 19 футболчисига янги BMW i8s автомобилларини совға қилди. Бунга сарфланган пулларни ҳаводан келди десак муболаға бўлмайди. Ғалабадан кейиноқ клуб хўжайини биринчи дуч келган казинога хурсандчиликни ювиш учун йўл олди ва 2 миллион доллар ютиб олди. Бунақа ҳикояларни камдан-кам кузатамиз, аммо «Лестер»да бу юз берди.
Энг янги тарих ва келажакка назар
Чемпионликни ютганидан ва Европа чемпионлар лигасида чорак финалгача етиб борганидан кейин Раньерига мавсум стартидаги омадсизлик туфайли жой топилмай қолди. «Лестер» аста-секин ўртамиёна клубга айланиб борди ва Премьер Лигада ўзига тегишли жойга қайтди. Клуб юқорига интилувчи ўртамиёна жамоага айланди-қолди. Премьер Лигани ютганидан кейин клубга сарфланган 200 миллион евродан ортиқ маблағ «тулкилар»га кучли тўртлик, ҳаттоки олтиликда мустаҳкам ўрнашиб олишига ҳеч қандай ёрдам бермади. Раньеридан кейин жамоани бошқарган Крейг Шекспирнинг истеъфосидан сўнг Вишай франциялик бошқа бир мураббий – Клод Пюеллни олиб келди. Мураббий «Лестер»га келишдан аввал «Саутгемптон»да тажриба тўплаган эди.
Вишайнинг вафотидан кейин унинг ғоялари, афтидан, давом эттирилса керак. Ахир унинг ёнида клуб вице-президенти сифатида ўғли Айават фаолият олиб борди. Мантиқан, айнан у клуб хўжайинига айланади ва оилавий бизнесни давом эттиради. Одатда бундай мақолаларда ўқувчини терисигача кириб борадиган кучли якун бўлади. Аммо бу сафар бундай бўлиши ноўрин. Вишай ўз ишини севган ва яхши бажарган бошқарувчилардан бири ҳисобланади. 2015-16 йилги эртакнинг катта қисми унга ва унинг қарорларига тегишли.
Энди «сеҳргар» кетди. Ўз жамоасининг уй учрашувидан кейин қилганидек кўк вертолётида "учиб кетди".
Фикрлар