ЎФА нега “ADIDAS”дан воз кечиб, “JAKO”ни танлади? Умид Аҳмаджоновдан жавоб

Ўзбекистон футбол ассоциацияси вице-президенти Умид Аҳмаджонов Германиянинг “JAKO” (ЯКО) компанияси билан эришилган ҳамкорлик келишуви бўйича kun.uz мухбирига маълумот берди.

Маълум бўлишича, “JAKO” билан 3 йиллик келишув тузилган ва ЖЧ-2020 цикли якунига қадар ушбу компания Ўзбекистоннинг турли ёшдаги терма жамоаларига текинга экипировкалар етказиб беради. Олимпия терма жамоаси эса олдинроқ эришилган келишув бўйича “PRES-JOG” томонидан кийинтирилади.

- “JAKO” бир йилда 365 комплект етказиб бериб туради. Ҳаммаси текинга. Ичида 96 хил нарсаси бўлади, курткаларидан тортиб, пайпоғигача. Таққослаш учун, “ADIDAS” атиги 20 хил кийимдан иборат комплект таклиф қилганди.

Осиё кубоги учун ҳам махсус форма қилиб берилади. Кейинроқ, алоҳида дизайн ишлаб чиқилиб, ҳамиша шу дизайндаги либослар кийилади, - деди Умид Аҳмаджонов.

Қайд этиш керакки, сентябрь ойи бошида ЎФА “ADIDAS” билан шартнома тузиши ҳақида хабар тарқалганди. Аммо синов муддатидан кейин бу вариантдан воз кечилган.

Ўтган ой "ADIDAS" формаларидан фойдаланган ЎФА энди "JACO" компанияси билан ҳамкорлик қилади

25 октябрь, бугун Миллий олимпия қўмитасида Ўзбекистон футбол ассоциацияси ва “JAKO” компанияси томонидан ўзаро ҳамкорлик бўйича келишув имзоланади.

Маълумот учун, Германиянинг спорт кийимлари, оёқ кийимлари ва аксессуарлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган Jako компаниясига 1989 йили Руди Шпрюгелем шаҳрида асос солинган. Компания дунёнинг 40дан ортиқ давлатида фаолият кўрсатади. Бош офиси Германия жануби-ғарбидаги Баден-Вюртемберг ерида, Мульфинген коммунаси, Холленбах округида жойлашган.

“JAKO” Австралия чемпионатидаги бир неча клубларни кийинтиради, шунингдек, Осиёда Ироқ, Иордания, Ливан, Саудия Арабистони, Баҳрайн, Қатар ва БААдаги клублар билан ҳамкорлик қилади. Компания Австрия, Бельгия, Болгария, Хорватия, Кипр, Чехия, Латвия, Нидерландия, Сербия, Словакия, Швейцария, Украина, Германия, Венгрия, Исландия, Польша ва Россия каби давлатларда ҳам ишлайди.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!