Олег Тюлькин: “Динамо”га ҳамжиҳатлик етишмаяпти

 

Олий Лига 19-туридан ўрин олган “Навбаҳор” – “Динамо” (1:0) учрашувдан сўнг “Динамо” жамоаси бош мураббийи Олег Тюлькин ўз фикрлари билан ўртоқлашди.

“Ҳар икки жамоа учун учрашув қийин кечди. Муросасиз кураш остида кечган ўйинда “Навбаҳор” бироз омадли чиқди ва ғалабани қўлга киритди. Учрашувда юзага келтирилган имкониятларимиздан фойдалана олмадик. Наманганликлар эса вазиятдан самарали фойдаланиб мақсадга эришишди.

Назаримда бугунги баҳс мухлисларга манзур бўлди деб ўйлайман. Фурсатдан фойдаланиб, Самарқанддан келиб жамоамизни қўллаб-қувватлаган мухлисларимизга алоҳида миннатдорчилик билдириб ўтаман. Футболчиларимиз ўтказиб юборилган голдан кейин фаолликни ошириб, бир қатор ҳужумлар ташкил этишди. Яхшигина имкониятлар бўлсада вазиятлардан фойдаланиш насиб этмади. Ҳакамлар ҳаракатини муҳокама қилмайман. Уларни назорат қиладиган масъуллар бор. Шу сабабли баҳони улар бергани яхши.

Давралар оралиғида бошқа клублардан ижарага олинган футболчилар жамоамизни тарк этишди. Айнан шу сабабли жамоада ҳамжиҳатлик ўзаро боғлиқлик етишмаяпти. Айнан шу сабабли натижаларимиз ижобий кўриниш олмаяпти. Жамоага қўшилган футболчиларни таркибга қўшилиб кетишлари учун бироз вақт керак. Аслида учрашувларни ёмон ўтказмаяпмиз. Шундай бўлсада, гол уриш борасида ишларимиз юришмаяпти”, – деди Олег Тюлькин.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!