Осиё Кубогидаги рақибимиз Уммон терма жамоаси 1-ўртоқлик ўйинида Тожикистонни мағлуб этди

Хабарингиз бор, келаси йилнинг 5 январь - 1 февраль кунлари Бирлашган Араб Амирликларида Осиё Кубоги мусобақаси бўлиб ўтади.
 
Ўзбекистон миллий терма жамоаси мазкур мусобақанинг "F" гуруҳида Япония, Уммон ва Туркманистон терма жамоаларига қарши баҳс олиб боради. 9 январь куни Осиё Кубогидаги илк ўйинимиз Уммон терма жамоасига қарши Шаржа шаҳридаги "Sharjah stadium" ўйингоҳида бўлиб ўтади. 
 
Мусобақадаги мазкур рақибимиз Уммон терма жамоаси кеча 13 декабрь куни Маскат шаҳрида ён қўшниларимиз Тожикистон терма жамоасига қарши баҳс олиб борди. Учрашув майдон эгаларининг 2:1 ҳисобидаги ғалабаси билан якунига етди. 
 
Ўйиндан сўнг Тожикистон терма жамоасини бошқараётган таниқлик ўзбекистонлик мутахассис Усмон Тошев қуйидаги фикрларни билдириб ўтди: "Футболчиларимиз бугун яхши ҳаракат қилишди. Аммо иккита қўпол хато мағлубиятга учрашимизга сабабчи бўлди. Натижа салбий бўлишига қарамай, йигитлар кўрсатмаларимни тўлиқ бажаришга ҳаракат қилишаётгани менга ёқди. Тожикистон терма жамоасининг салоҳияти бор. Ўйиндан ўйинга кучайиб боришимизга ишончим комил".
 
Энди 16 декабрь куни Уммон терма жамоаси Тожикистонга  қарши яна битта ўртоқлик ўйини ўтказади. 
 
Ўртоқлик ўйини
 
Уммон – Тожикистон – 2:1
 
Голлар: Муҳаммад Ал-Ҳасаний, 74 (1:0). Мўътаз Солиҳ, 76 (2:0) - Шарафжон Солиҳов, 89 (2:1).
 
Уммон: Аҳмад Фараж Ал Раваҳий, Муҳаммад Фараж, Муҳсин Гавҳар, Аҳмад Муборак, Холид Ал Барикий, Комил Ал Аҳмадий, Муҳсин Ал Ҳасаний, Али Салим, Мўътаз Солиҳ, Ҳариб Ал Саъдий, Аҳмад Ал Кабий.
 
Тожикистон: Шохруҳ Қирғизбоев, Сиёвуш Асроров, Хуршед Бекназаров, Зоир Жўрабоев, Бахтиёр Қаландаров (Ҳусейн Нурматов, 80), Амирбек Жўрабоев (Кароматулло Саидов, 84), Ахтам Назаров, Муҳаммаджон Раҳимов (Шервони Мабатшоев, 77), Комрон Турсунов, Эҳсони Панжшанбе (Шарафжон Солиҳов, 87), Жаҳонгир Эргашев (Шериддин Бобоев, 69).
 
Огоҳлантиришлар: Хуршед Бекназаров (Тожикистон).
 
Бош ҳакам: Муҳаммад Ҳасан Маҳмуд Арафа (Иордания).

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!