Отабек Ғуломхўжаев: Жанубий Кореядан учралган мағлубиятдан сўнг баъзи мухлислар терма жамоамизга ишончсизлик билан қарашмоқда

Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси бош мураббийи Отабек Ғуломхўжаев Осиё Кубоги мусобақаси олдидан ЎФА Матбуот хизматига ўз фикрларини билдириб ўтди:

- Айни пайтда миллий терма жамоамизни катта тажрибага эга мураббий бошқармоқда. Унинг қўлостида футболчиларимиз анча ўсишга эришиши аниқ. Осиё Кубоги ёш футболчиларимиз учун ўзларини кўрсатишга яхши имконият. Мазкур мусобақани кўплаб мутахассислар, скаутлар кузатиб боришади. Турнирда ўзини кўрсата олган футболчилар кейинчалик легионер сифатида кучли клубларга ўтишлари мумкин.

Мен терма жамоамиздаги футболчилар билан гаплашиб тураман. Уларнинг айтиши бўйича ҳозирда терма жамоада муҳит жуда ҳам ажойиб. Таркибга жалб қилинган ёш футболчилар Одил Аҳмедов, Анзур Исмоилов, Марат Бикмаев каби тажрибали ўйинчилар олдида тўп тепиб, катта маҳорат мактабини ўташади. Бу эса келгусида биз кутаётган энг муҳим мусобақа жаҳон чемпионати саралашларида терма жамоамизга катта фойда келтириши аниқ.

Футболчиларнинг ўзлари ҳам Осиё Кубогига ўзгача иштиёқ билан тайёргарлик кўришмоқда. Австралияда Жанубий Кореяга қарши кечган ўртоқлик ўйинидаги мағлубиятдан сўнг баъзи мухлислар миллий терма жамоамизга ишончсизлик билан қарашмоқда. Бу нотўғри. Ўртоқлик ўйини ўз номи билан ўртоқлик ўйини. Расмий учрашувларда кайфият, иштиёқ, ўйинга руҳий тайёргарлик умуман бошқача бўлади. Агар Осиё Кубоги плей-офида ўша бизни йирик ҳисобда ютган Жанубий Корея дуч келса, йигитларимиз умуман бошқача ўйин намойиш қилишларига ишонаман.

Ўзбекистон терма жамоасига бўлажак мусобақада омад тилаймиз. Биз футболчиларимизни Ўзбекистондан туриб астойидил қўллаб-қувватлаб турамиз. Янги йил барчага, мураббийларимизга, футболчиларимизга, мухлисларимизга янги муваффақиятлар келтирсин. Футболчиларимиз Янги йилни ўз оилалари бағрида яхши кайфият билан кутиб олиб, ота-оналарини дуосини олиб, кўтаринки кайфиятда мусобақага йўл олишларини тилаб қоламан!"

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
darwesh
27/12/2018 13:27
Купер билан финалга чиксак, Унга хайкал куйсак хам булади.