Ўзбекистон ОТЖ бугун Испаниядаги иккинчи назорат ўйинини ўтказади
Ўзбекистон олимпия терма жамоаси шу кунларда Испаниянинг Сан-Педро-дель-Пинатар шаҳрида ўқув машғулот йиғини ўтказаётгани ҳақида аввал хабар бериб ўтгандик.
19 февраль куни Любинко Друлович шогирдлари "La Finca" стадионида Швейцариянинг "Делемон" клубига қарши назорат учрашуви ўтказиб, 2:2 ҳисобида дуранг қайд этишганди.
ЎФА расмий сайти тарқатган хабарга кўра терма жамоамиз бугун Испаниядаги иккинчи назорат ўйинида майдонга тушади. Вакилларимиз "Pinatar" стадионида "Локомотив Тбилиси" жамоаси билан куч синашишади.
Терма жамоа мураббийлар штаби йиғин давомида футболчиларнинг жисмоний ҳолатини яхшилашга асосий эътиборни қаратмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон олимпия терма жамоаси шу йилнинг март ойида келаси йил Тайландда бўлиб ўтадиган Осиё чемпионати саралашида қатнашади. Саралаш баҳслари Тошкентда ўтказилиб, терма жамоамиз аъзолари Осиё чемпионати йўлланмасини қўлга киритиш учун Тожикистон, Ҳиндистон ва Покистон терма жамоаларига қарши баҳс олиб боришади.
Фикрлар