Ўзбекистон бокс федерациясининг биринчи вице-президенти истеъфога чиқарилади

  • 1 февраль, 2019, 17:32
  • 0
  • Бокс

Ўзбекистон бокс федерациясининг биринчи вице-президенти лавозимида ишлаб келган Шерзод Тошматов истеъфога чиқарилади. Бу ҳақда Go Sport манбалари хабар бермоқда.

Маълумотларга кўра, 2 февраль куни Миллий олимпия қўмитасида йиғилиш бўлиб ўтиши кўзда тутилган. Унда ташкилий масала кўриб чиқилади. Мажлисда Шерзод Тошматов вазифасидан озод қилиниб, бокс федерациясига янги биринчи вице-президент тайинланиши кутилмоқда.

Маълумот учун, Шерзод Тошматов 2014 йилнинг ноябрь ойидан федерацияда фаолият юритиб келади. Федерация президенти Очилбой Раматов бир вақтнинг ўзида Бош вазирнинг биринчи ўринбосари, “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ раҳбари, Ўзбекистон футбол федерациясининг президенти бўлгани боис, федерацияни асосан Тошматов бошқариб келган.

Тошматов даврида ҳаваскорлар бўйича Ўзбекистон терма жамоаси кўплаб муваффақиятларга эришган. Жумладан, 2016 йилги Рио Олимпиадасида 3та олтин (жами 7та) медал билан умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни эгаллаган, 2018 йилги Осиё ўйинларида эса 5та олтин, 2та кумуш медаллари билан якунда умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни, йил якунлари бўйича эса Осиёнинг энг яхши федерацияси номини қўлга киритган.

Шерзод Тошматов 2016 йилнинг 17 декабрида Осиё бокс федерацияси вице-президенти лавозимига ҳам тайинланганди.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!