Ўзбекистон делегациясининг яна бир қисми Жакартага етиб борди
Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси Бош котиби Жасур Матчанов бошчилигидаги мамлакатимиз спорт делегациясининг яна бир қисми Осиё ўйинлари пойтахти Жакарта шаҳрига етиб борди. Бу ҳақда Ўзбекистон МОҚ матбуот хизмати хабар тарқатмоқда.
Уларни Индонезия пойтахтидаги «Soekarno Hattа» халқаро аэропортида Ўзбекистон Республикасининг Индонезиядаги Фавқулотда ва муҳтор элчиси Улуғбек Рўзиқулов, Миллий олимпия қўмитаси ишчи гуруҳи аъзолари, Жакартада истиқомат қилаётган бир гуруҳ ватандошларимиз, шунингдек, Ўзбекистон спорт делегацияси учун бириктирилган кўнгиллилар кутиб олишди.
Маълумот учун, бугун яна бир қатор спорт турлари буйича терма жамоаларимиз Индонезияга йўл оладилар.
Бугун Кемайоран дахасидаги Олимпия шаҳарчасида Ўзбекистон спорт делегацияси шарафига бағишлаб Республикамиз байроғи кўтарилади.
Ҳозирга қадар футбол, от спорти, теннис, пенчак силат, байдарка ва каноэда эшкак эшиш, слаломда эшкак эшиш, бокс, қиличбозлик, енгил атлетика бўйича терма жамоаларимиз Индонезияга етиб келиб бўлишди.
Эслатиб ўтамиз, Осиё ўйинларининг тантанали очилиш маросими 18 август куни «Gelora Bung Karno Stadium»да бўлиб ўтади.
Фикрлар