Хабар бериб ўтганимиздек, ўзбекистонлик ёш шахматчилар 24 ноябрь - 3 декабрь кунлари Туркиянинг Конья шаҳрида ўтказилган Бутунжаҳон шахмат Олимпиадасида иштирок этиб, фахрли биринчи ўринни қўлга киритгандилар. 

Ҳамюртларимиз мусобақада тўққиз тур якунига кўра энг кўп очко жамғариб, олтин медалга эга чиқдилар. Мусобақа давомида Россия, Ҳиндистон, Эрон, Украина, Венгрия, Польша, Молдова, Хитой терма жамоалари мағлуб этилди. Шахмат Олимпиадасида юртимиз шарафини Нодирбек Ёқуббоев, Нодирбек Абдусатторов, Жавоҳир Синдaров, Шамсиддин Воҳидов ва Ситора Сапарова ҳимоя қилди. Улар баҳсларда мураббий Сайдали Йўлдошев бошчилигида дона суришди.

Бугун, 5 декабрь куни Ўзбекистон шахмат федерациясида ортда қолган мусобақа якунларига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди. Бу ҳақда МОҚ матбуот хизмати хабар бермоқда. Анжуманда Бутунжаҳон шахмат Олимпиадаси қаҳрамонлари, Ўзбекистон шахмат федерацияси мутасаддилари, ёш ақл-идрок соҳиблари, оммавий ахборот воситалари ходимлари ва бошқалар иштирок этишди.

Тадбир давомида Ўзбекистон шахмат федерацияси раиси ўринбосари Ҳусан Турдалиев якунланган мусобақа ҳақида гапирди.

"Бир неча кун олдин Туркияда якунланган Бутунжаҳон шахмат Олимпиадасида ўсмирларимиз катта ғалабани қайд этишди. Бу биз учун, умуман ўзбек спорти, ўзбек шахмат оиласи учун жуда катта ютуқдир. Мазкур Олимпиадада энг яхши натижамиз 2004 йилда қайд этилган бўлиб, ўшанда ҳамюртларимиз учинчи ўринни қўлга киритгандилар. Бу сафар эса тарихда илк маротаба шахматчиларимиз олтин медалга сазовор бўлдилар. Биз бундан жуда хурсандмиз. Жамоа ўз олдига қўйилган вазифани аъло даражада бажарди. Ишончим комил, ёшларимиз бу билан тўхтаб қолишмайди", - деди Ҳусан Турдалиев.

Шундан сўнг оммавий ахборот воситалари ходимлари ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилдилар. Анжуманда федерация мутасаддилари яқин орада ўтказиладиган мусобақалар, федерациянинг режаси ҳақида маълумот беришди.

Терма жамоамиз бош мураббийи Сайдали Йўлдошев эса мусобақа давомида амалга оширган стратегияси, шахматчиларимизнинг партиялар давомида қайд этган натижалари ҳақида гапириб берди.

Тадбир якунида ёш шахматчилар ва уларнинг мураббийи муносиб иштирок учун тақдирланишди.

«SPORTS.uz» сайтида чоп этилган материаллардан нусха кўчириш, тарқатиш ва бошқа шаклларда фойдаланиш фақат таҳририят ёзма розилиги билан амалга оширилиши мумкин.

ТАҲРИРИЯТ ҲАҚИДА

Гувоҳнома: №1002. Муассис: «RENDER SYSTEMS» МЧЖ.

Таҳририят манзили: 100047, Тошкент шаҳри, Истиқбол кўчаси, 15-уй.
Электрон манзил: info@sports.uz.
Телефон: +998 71 233-78-98