Ўзбекистон терма жамоасининг Австралиядаги машғулотларидан фоторепортаж

Австралиянинг Брисбен шаҳрида йиғин ўтказаётган Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзолари бугун "Perry Park" стадионида навбатдаги машғулотни ўтказишди.

Машғулот одатдагидек юқори кайфиятда ўтди. Терма жамоа шифокори Аброр Пирриевнинг ЎФА матбуот хизматига маълум қилишича, таркибдаги барча футболчиларнинг соғлиғи жойида. Жароҳат олганлар йўқ. Барча футболчилар умумий гуруҳда машғулотларда қатнашишди. 

Футболчилар тезкорликни оширишга қаратилган ўзига хос эстафета машқларини ҳам олиб боришганини таъкидлаб ўтиш керак. Бундан ташқари, мураббийлар штаби терма жамоа аъзоларининг кўзларини боғлаб, майдондаги жамоадоши қаерда жойлашганини ҳис қилишга ва унга тўғри пас беришга қаратилган ўзига хос машқларни ўтказишганини ҳам алоҳида қайд этиш зарур.

Яна бир маълумот. Австралия футбол федерацияси "Suncorp" стадиони майдон чимининг сифати билан боғлиқ муаммо туфайли, Жанубий Кореяга қарши ўйинни "Queensland Sport and Athletics Centre" (ANZ Stadium номи билан машҳур) ўйингоҳда ўтказишни таклиф қилишди (17 ноябрь куни бу стадионда Австралия - Жанубий Корея учрашуви ўтказилганди).

Эртага Ўзбекистон миллий терма жамоаси "Queensland Sport and Athletics Centre" стадионида Жанубий Кореяга қарши ўйин олдидан сўнгги машғулотни ўтказишади.
 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!