Ўзбекистон ва Россия замонавий бешкураш федерациялари ўртасида ҳамкорлик йўлга қўйилди

Ўзбекистон замонавий бешкураш федерацияси (ЎЗБФ) раиси Баҳромжон Газиев ва Россия замонавий бешкураш федерацияси (РЗБФ) президенти Вячеслав Аминов Москва шаҳридаги Олимпия қўмитаси биносида икки мамлакат федерациялари ўртасидаги ҳамкорлик меморандумини имзолашди. Бу ҳақда Миллий олимпия қўмитаси расмий сайти хабар бермоқда.

Ҳужжат Ўзбекистон ва Россия замонавий бешкураш федерациялари томонидан Олимпия ҳаракатини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш, спортнинг ахлоқий ва этик қадриятларини асраш, спорт фаолиятининг барча босқичларида адолатли ўйин тамойилларини изчил қўллашда ҳамкорлик қилиш ва ҳар қандай кўринишдаги дискриминация, жумладан, ирқ, миллат, жинс ва ёшга доир камситишларни қоралашни кўзда тутади. Шунингдек федерациялар допингга қарши кураш бўйича ҳамкорлик қилади, халқаро спорт майдони ва бошқа соҳаларда ўз хатти-ҳаракатларини мувофиқлаштиради.

Учрашув давомида Вячеслав Аминов замонавий бешкураш мамлакатимизда яхши истиқболга эга эканлиги ҳақида гапирди.

«Биз Ўзбекистонни бешкураш оиламизнинг янги аъзоси сифатида кўришдан хурсандмиз. Биз ЎЗБФ раиси Баҳромжон Газиев билан кўплаб масалаларни муҳокама қилдик ва ўйлашимча, бешкураш Ўзбекистонда яхши истиқболга эга бўлади. Россия эса ҳам маслаҳат билан, ҳам амалий жиҳатдан, масалан, мураббий ва спорт мутахассислари томонидан қўллаб-қувватлашда ёрдамга шай», – деди Вячеслав Аминов.

Баҳромжон Газиев эса бешкураш орқали Ўзбекистонда бошқа Олимпия спорт турлари ҳам ривожланиши ҳақида гапирди.

«Россия – бешкураш бўйича жаҳон етакчиларидан бири. Ўзбекистонда спортнинг бу тури эндигина ривожланмоқда. Бешкураш беш Олимпия спорт тури – сузиш, қилиқчбозлик, конкур, югуриш ва ўқ отишдан иборат эканлиги жуда муҳим. Бешкурашни ривожлантирар эканмиз, бу бошқа Олимпия спорт турларининг тараққиётига ҳам ўзига хос туртки бўлади.

 

Биз ташкилотларимиз ўртасида ўзаро узвий дўстона алоқалар ўрнатилишига келишиб олдик. Бу қўшма йиғилишлар, икки томонлама учрашувларни ўтказиш, бизнинг спортчи ва ҳакамларимизни Россияда бўлиб ўтадиган мусобақа ҳамда семинарларга таклиф қилишда ўз аксини топади. Вақти келганда эса биз ҳам россиялик бешкурашчиларни Ўзбекистонга таклиф қиламиз. Ишончим комилки, Россия ва Ўзбекистон замонавий бешкураш федерациялари ўртасидаги ҳамкорлик узоқ муддатли ва ўзаро манфаатли бўлади», – деди Баҳромжон Газиев.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!