Ўзбекистонда янги спорт Ассоциацияси ташкил қилинади

 

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 5 мартдаги “Жисмоний тарбия ва спорт соҳасида давлат бошқаруви тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5368-сонли фармони, 2017 йил 9 мартдаги “Ўзбекистон спортчиларини 2020 йилда Токио шаҳри (Япония)да бўлиб ўтадиган XXXII ёзги Олимпия ва XVI Паралимпия ўйинларига тайёргарлик кўриш тўғрисида” ПҚ-2821-сонли ва 2017 йил 3 июндаги “Жисмоний тарбия ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-3031-сонли қарори ижросини таъминлаш мақсадида, Республика “Талаба” спорт федерацияси ҳамда Республика “Баркамол авлод” жамияти бирлаштирилиб, унинг негизида “Ўзбекистон талабалар спорти Ассоциацияси” ташкил этилмоқда. Бу ҳақда МОҚ матбуот хизмати маълум қилди. 

Шу муносабат билан эртага, 30 март куни Миллий олимпия қўмитаси анжуманлар залида янги ташкил этилаётган Ассоциациянинг сайлов конференцияси ўтказилади. Бугунги кунда Республика бўйича олий таълим муассасалари сони жами 82 тани ташкил этади. Улардан 21 таси университет, 35 таси институт, 2 таси академия, 15 таси филиал мақомига эга. Шунингдек, консерватория, олий мактаб ва 7 та чет эл Олий таълим муассасалари фаолият юритмоқда.

Мазкур конференцияда республикадаги барча олий таълим муассасалари ректорлари, проректорлари ҳамда жисмоний тарбия ва спорт йўналиши бўйича масъул ходимлари иштирок этади.

Конференция давомида олий таълим муассасаларининг спорт соҳасидаги фаолияти ҳамда волейбол, гандбол, баскетбол ва стол тенниси спорт турлари бўйича терма жамоаларини шакллантириш, келгусида анъанавий спорт мусобақаларини ташкил этиш масалалари келишиб олинади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!