Ўзбекистоннинг 2018 йилдаги энг яхши футболчиси ва мураббийи учун овоз бериш жараёни бошланди

2018 йил ҳам якунига етиб қолди. Бу йил ўзбек футболида жуда кўп ўзгаришлар, ислоҳотлар амалга оширилди, катта ютуқлар қўлга киритилди.
 
Жумладан, йил бошида Равшан Ҳайдаров бошчилигидаги Ўзбекистон U-23 терма жамоаси Осиё чемпионатида ғалаба қозониб, тарихдан жой олди. Шунингдек, ёзда Индозенияда бўлиб ўтган Осиё ўйинлари ушбу жамоа чиройли ўйин намойиш қилиб, мухлислар эътирофига сазовор бўлди. Ўша мусобақада фақатгина омадсизлик туфайли терма жамоамиз кейинчалик чемпионга айланган Жанубий Кореяга мағлуб бўлганди. 
 
Бундан ташқари, мухлисларга ваъда қилинганидек миллий терма жамоамизга хориждан янги бош мураббий тайинланди. Ўзбекистон терма жамоаси мазкур мураббий қўлостида бир қатор ўртоқлик ўйинларида майдонга тушди. Айни пайтда эса Туркияда Осиё Кубоги мусобақасига тайёргарлик олиб бормоқда.
 
Январдаги  U-23 Осиё чемпионати бир қатор ёш футболчиларни мухлисларга кашф қилиб берди. Ушбу футболчилар кейинчалик миллий терма жамоамизнинг янги бош мураббий Эктор Купернинг ҳам эътиборига тушишди ва миллий терма жамоадан таклиф олишди. Терма жамоа таркибида Одил Аҳмедов, Марат Бикмаев, Анзур Исмоилов каби тажрибали футболчилар билан бир қаторда, Икром Алибоев, Жавоҳир Сидиқов, Азиз Ғаниев каби футболчилар ўзларини кўрсата бошлашди.
 
Шунингдек, турли ёшдаги эркаклар ва аёллар терма жамоаларимиз ҳам ушбу мавсумда бир қатор халқаро мусобақаларда муваффақиятли қатнашишди. Жумладан, Равшан Ҳайдаров бошчилигидаги Ўзбекистон олимпия терма жамоаси ноябрь ойида "Dubai Cup" мусобақасида ғолиб чиқди. Карима Йўлдошева бошчилигидаги Ўзбекистон U-19 аёллар терма жамоаси октябрь ойида Бишкекда бўлиб ўтган Осиё чемпионати саралашининг 1-босқичида гуруҳда 1-ўринни эгаллади. Баҳром Норсафаров бошчилигидаги Ўзбекистон аёллар терма жамоаси ноябрь ойидаги "CAFA championship" мусобақасида тенгсиз деб топилди. 
 
Йил якунланар экан, 2018 йилнинг энг яхши футболчиси ва энг яхши мураббийини аниқлаш вақти келганини эълон қилмоқчимиз. Демак, ЎФА томонидан ўтказиладиган сўровномада Ўзбекистонда ва хорижда тўп сураётган, фаолият юритаётган ўзбекистонлик футболчи ва мураббийлар иштирок этишлари мумкин. Барча ОАВ ходимлари, шунингдек, мухлисларни сўровномада фаол бўлишга чақирамиз! Ҳар битта ОАВ таҳририяти битта овозга эга, мухлисларнинг овози ҳам жамланиб, битта овоз сифатида қабул қилинади.  
 
2018 йилнинг энг яхши футболчиси ким бўлиши керак? Ўз номзодларингизни биринчи, иккинчи ва учинчи ўринларга жойлаштирган ҳолда, info@ufa.uz электрон манзилига юборишингиз мумкин. 
 
Масалан, Ўзбекистоннинг 2018 йилдаги энг яхши футболчиси:
 
1.
2.
3.
 
Ўзбекистоннинг 2018 йилдаги энг яхши мураббийи:
 
1.
2.
3.
 
Энг кўп овоз тўплаган футболчи ва мураббий йил якунида ЎФА томонидан тақдирланади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!