"Қизилқум" клубида қандай камчиликлар аниқланганди?
Ўзбекистон футбол ассоциацияси ва Профессионал футбол лигаси томонидан Суперлига ҳамда Про-Лига 2018 мавсумида иштирок этувчи футбол клублари фаолиятини янада ривожлантириш учун регламент асосида аниқ талаблар ишлаб чиқилган эди.
Бироқ ўтган давр мобайнида ўтказилган текширувлар натижасида айрим клублар иш фаолияти ҳамда стадионларида баъзи бир камчиликлар аниқланди ҳамда Суперлигада ва Про-Лигада юзага келган танаффусдан унумли фойдаланиб, мазкур камчиликларни бартараф этиш бўйича клубларга тавсия ҳамда топшириқлар берилган эди.
Июль ойидан эътиборан дастлаб Суперлига, кейин эса Про-Лига иштирокчи клубларида ПФЛнинг махсус ишчи гуруҳи амалга оширилган ишларни кўздан кечиришни бошлади. Дастлаб ишчи гуруҳ “Металлург” ҳамда “Сўғдиёна” жамоаларида камчиликларни баратараф этиш бўйича амалга оширилган ишлар билан танишганди.
Бугун ЎзПФЛ Спорт бўлимининг спорт иншоотлари бўйича бош мутахассиси Лазиз Қўчқоров бошчилигидаги гуруҳ Навоийнинг “Қизилқум” клубида қилинган ишларни кўздан кечирди. “Қизилқум” клуби 1 июлга қадар стадионнинг ички ва ташқи кўринишини тубдан яхшилаш, стадион ёритиш тизимини 1500 люксгача кучайтириш, стадион чими ҳолатини яхшилаш, 2018 йил охирига қадар телетрансляциялар футболчилар чиқиб келадиган ва мураббийлар жой оладиган фронтга қарама-қарши томондан амалга оширилиши бўйича МТРК мутахассислари билан маслаҳатлашиш, футболчиларни захирага олиш ва чиқариш учун электрон табло олиш, стадион таблосини замонавийсига ўзгартириш, легионерлар олдидаги қарздорликни тўлиқ бартараф этиш ва академия қурилиши борасидаги ишчи режасини ПФЛга тақдим этиш бўйича топшириқлар олган эди.
Белгиланган муддат ичида “Қизилқум” клубида салмоқли ишлар бажарилгани маълум бўлди. Жамоа ўз ўйинларини ўтказадиган “Ёшлар” спорт мажмуаси майдони ҳолатини яхшилаш бўйича махсус гуруҳ иш олиб бормоқда. Чимнинг ҳолати ҳозирги вақтга келиб анча яхшиланган. Шунингдек, ўйинчиларни алмаштириш учун янги замонавий электрон табло ҳарид қилинди. Қолаверса, стадионнинг катта таблоси ҳам янгиланмоқда. Тез орада стадионга 768х384 ўлчамда янги LED табло ўрнатилади. Ёритиш тизими ҳам стандартларга жавоб берадиган даражага етказилди.
Қолаверса, “Қизилқум” клуби легионерлар олдидаги мавжуд бўлган қарздорликдан бутунлай қутилди. Яна клуб академиясини барпо этиш бўйича лойиҳа тайёрланиб, тасдиқлаш учун тақдим этилди. Академия лойиҳаси тасдиқлангач, йил сўнггига қадар академия қурилиш ишлари бошлаб юборилади.
P.S.: ПФЛнинг махсус ишчи гуруҳи камчиликлар аниқланган барча Суперлига ҳамда Про-Лига клубларини тўлиқ текширувдан ўтказади ва текширув натижалари ПФЛ расмий сайтида эълон қилиб борилади.
Фикрлар