Светлана Радзивил Қитъалараро кубокда кумуш медални қўлга киритди

Унда қитъамиз номидан икки нафар ўзбекистонлик спортчи иштирок этди. Аёллар ўртасида яқиндагина Осиё ўйинлари ғолибасига айланган Светлана Радзивил баландликка сакраш бўйича баҳсларга киришган бўлса, эркаклар ўртасида Осиё ўйинлари кумуш медали соҳиби Руслан Қурбонов учхатлаб сакраш мусобақаларида ўз омадини синаб кўрди.

Баландликка сакраш бўйича аёллар ўртасида жаҳоннинг энг кучли саккиз нафар спортчиси стартга чиқди. Қувонарлиси, Осиё шарафини ҳимоя қилган ҳамюртимиз Светлана Радзивил 1,95 метр баландликни забт этди ва кумуш медалга эга чиқди. Биринчи ўринни россиялик Мария Ласицкене (2 метр) эгаллаган бўлса, кучли учликка Сент-Льюсия вакиласи Леверн Спенцер (1,93 метр) якун ясади.

Учхатлаб сакраш бўйича баҳсларда қатнашган Руслан Қурбонов эса 16,34 метр натижа билан олтинчи кўрсаткични қайд этди.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!