Тайёрлов гуруҳлари. “Бунёдкор”нинг иккита жамоаси финалга чиқди

Қарши ва Андижон шаҳарларида Олий ва Биринчи Лига клубларининг тайёрлов гуруҳлари ўртасида Ўзбекистон Биринчилигининг финал босқичи қизғин палласига кирди.

“Бунёдкор” футбол мактаби тарбияланувчилари ҳам учала ёш тоифасида ҳам муваффақиятли иштирок этмоқда. Бу ҳақда клуб расмий сайти хабар бермоқда.

1998-1999 йилларда таваллуд топган ўртасида ўтаётган мусобақанинг гуруҳ босқичи якунларига кўра, Дмитрий Ким ва Абдумажид Тоиров шогирдлари биринчи ўрин билан ярим финалга чиқишди.

Отабек Ғуломхўжаев ва Ёрқин Назаров устозлик қилаётган “Бунёдкор-2000” жамоамиз ярим финалда “Пахтакор”ни 1:0 ҳисобида мағлубиятга учратиб, финал йўлланмасини қўлга киритди. Энди тарбияланувчиларимиз бош соврин учун кечадиган баҳсда мусобақа мезбонлари “Насаф” жамоаси билан куч синашади.

2002-2003 йилларда туғилганлар ўртасида Андижон шаҳрида ўтаётган мусобақанинг ҳам финалчилари маълум бўлди. Мухлислар бу ерда ҳам финал йўлланмаси учун “Бунёдкор” ва “Пахтакор” қарама-қаршилига гувоҳ бўлишди. Қизиқарли кечган баҳсда Сергей Чигодаев ва Акмал Рисқуллаев мураббийлигидаги “Бунёдкор-2002” жамоаси рақибларини 2:0 ҳисобида мағлубиятга учратишиб, финал йўлланмасини қўлга киритишди.

Шу тариқа, ҳозирча “Бунёдкор” футбол мактабининг учта жамоасидан иккитаси финалда иштирок этиши ойдинлашди. Эртага 1998-1999 йилда туғилганлар ўртасида ярим финал учрашувлари ўтказилади.Унда “қалдирғочлар” пойтахтнинг “Локомотив” тарбияланувчилари билан куч синашади.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!