Велоспортчимиз Дубайдаги ўқув-машғулот йиғинига жўнаб кетди

Бугун велосипед спорти бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Алла Безуглова «Al Asayl» аёллар велоклуби таклифига биноан Бирлашган Араб Амирлигининг Дубай шаҳрига йўл олди. Бу ҳақда Миллий олимпия қўмитаси расмий сайти хабар бермоқда.

Қайд этиш лозимки, айни пайтда мазкур клубда яна бир спортчимиз Диана Адельшинова ўқув-машғулот йиғинларида иштирок этмоқда.

Ушбу йиғинларда қатнашишдан асосий мақсад спортчиларни 22-28 апрель кунлари Ўзбекистонда бўлиб ўтадиган шоссе бўйича Осиё чемпионатига тайёрлаш ҳамда уларнинг ўқув-услубий, машқ жараёнлари самарасини ошириш, велоспорт соҳасидаги дунё андозалари ва амалиётларидан фойдаланиш, уларнинг профессионал маҳоратини оширишдан иборатдир.

Маълумот учун, Ўзбекистон велосипед спорти федерацияси БААнинг «Al Asayl» аёллар велоклуби билан яқиндан ҳамкорликни йўлга қўйган. Бугунги кунга қадар велосипед спорти бўйича Ўзбекистон аёллар терма жамоасининг бир қатор аъзолари мазкур велоклубида малака ошириб келдилар.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!