Ёпиқ эшиклар ортида ўтган илк машғулот ёхуд Эктор Купер ўз ишини бошлади (ФОТО)
Аввал хабар берилганидек, Эктор Купер бошчилигидаги Ўзбекистон миллий терма жамоаси бугундан Тошкентда йиғин бошлади. Йиғинга жалб қилинган футболчилар пойтахтимиздаги "Жар" стадионида биринчи машғулотни ўтказишди. Айтиш лозимки, илк кунги машғулотлар аргентиналик мутахассиснинг талаби билан ОАВ ходимлари учун ёпиқ тарзда ўтказилди.
Даставвал, Купер футболчилар билан бирма-бир танишиб чиқди. Кейин машғулотларга старт берилди.
Машғулот давомида Эктор Куперга унинг ёрдамчилари Хосе Карлос Фантагуцци, Антонио Сариоглу ва Маҳмуд Фаёз Муҳаммад ёрдам беришди. Аввалига футболчилар енгил чигалёзди машқларини олиб боришди. Кейин футболчилар позицияларига кўра гуруҳларга бўлинишди. Ҳар бир гуруҳ билан алоҳида машқ ўтказилди.
Дарвозабонлар билан "Насаф"дан чақирилган мураббий Денис Иванков ишлади. Кейин футболчилар майдоннинг ярмида иккига бўлинган ҳолда футбол ўйнашди. Машғулотдан кейин футболчилар муз тўлдирилган бассейнга тушиб, тикланиш машқларини давом эттиришди.
Машғулотлар қувноқ кайфиятда ўтганини, футболчилар янги мураббий кўз ўнгида астойидил меҳнат қилишганини ҳам алоҳида таъкидлаб ўтиш керак.
Фикрлар