Aбдумавлон Aбдужалилов: "Бунёдкор"да биз билан янги шартнома тузадиган одамнинг ўзи йўқ эди"

“Локомотив” янги мавсум олдидан ўз сафини бир нечта футболчи билан тўлдириб олди. Шулардан бири – истеъдодли дарвозабон Aбдумавлон Aбдужалилов. Хабарингиз бор, Aбдумавлон “темирйўлчилар” сафига “Бунёдкор”дан кўчиб ўтди.

Унинг янги жамоа таркибида шуғулланишни бошлаганига бир ойдан ошди. Бу орада ўзига яраша таассуротлар олган бўлиши табиий. Шу боис ёш посбондан клуб матбуот хизмати интервью олди.

– Aбдумавлон, “Локомотив”га ўтиш қандай юз берди?

– “Локомотив” ўтган йил Ўзбекистон кубогида охирги учрашувини ўтказганидан сўнг, клуб раҳбариятидан таклиф тушди. Менга Европадан янги мураббий келаётгани ҳамда жамоа олдига юқори мақсадлар қўйилишини айтишди. “Локомотив” дарвозабонлар мураббийи Даниел Чабрера билан кўришиб гаплашдим, у менга ўйиним маъқул келгани, “темирйўлчилар” сафига ўтсам, бундан хурсанд бўлишини айтди. Шундан сўнг, “Бунёдкор” мураббийлари билан маслаҳатлашдим. Биласиз, ўша пайт “Бунёдкор”да муаммолар кўп бўлиб, футболчилар билан шартнома ҳақида гаплашадиган раҳбар йўқ эди. Уйдагилардан маслаҳат олганимда “Локомотив”га ўтсам ҳаммаси яхши бўлишини айтишди. Натижада эркин агент сифатида “Бунёдкор”ни тарк этиб, “темирйўлчилар” билан шартнома имзоладим.

– Бу ўринда “Локомотив”нинг ўтган йил 9-ўринни олгани ҳам ўйлантирмадими?

– Йўқ. Чунки футболда юқори кўтарилиш билан бирга пастга тушиш ҳам учраб туради. “Локо” бунгача кетма-кет уч йил чемпионликни қўлга киритди. Лекин ўтган йил омадсиз келиб, 9-ўринни эгаллади. Ҳамма яхши биладики, “Локомотив” – кучли клуб ва ўзбек футболида ўз ўрнига эга. Ўтган мавсум карантин ҳам ўз таъсирини кўрсатди, жамоанинг биринчи даврада омади келмади. Aммо иккинчи даврада кўрдикки, “Локо” ўзига қайтди.

– Уйдагилар янги жамоага ўтишингизга қандай муносабат билдирди?

– Дадам профессионал футбол ўйнамаган бўлсалар ҳам, ёшлар ва ўсмирлар жамоасида тўп тепганлар. Шу боис биринчи мураббийим ҳам дадам ҳисобланади. Ўйиним борасида дадамдан кўп фикр олиб тураман. “Локомотив”га келишдан олдин маслаҳат сўраганимда, тўғри вариантни танлаганимни айтдилар.

– “Бунёдкор” шартномани узайтиришга ҳаракат қилиб кўрдими?

– Ўша пайт вазият қалтис эди. Чунки биз билан шартнома тузадиган одамнинг ўзи йўқ эди. Нафақат мен, балки Ислом Қобилов билан Санжар Қодирқуловда ҳам шунга ўхшаш вазият юзага келди. Биз нима қилишни билмай қолгандик. Бу шароитда яхши клубдан таклиф тушса тезда қабул қилиш ҳақида ўйлайсиз. Шу боис олдинга қадам ташлаш учун “Локомотив”ни танладим. Ўтган йил Улуғбек ака Мирзаев билан гаплашиб, шартномани узайтиргандим, лекин бу йил учун ҳеч ким биз билан гаплашмади.

adbujalilov

– “Локомотив”да сизни қандай кутиб олишди?

– Жамоадаги муҳит жуда яхши экан. “Бунёдкор”да ҳам коллектив зўр эди, бу ерда ҳам шундай. Футболимизда ҳамма бир-бирини танийди. Мени илиқ қабул қилишди.

– Жамоага тўлиқ киришиб кетдингизми?

– Ишонч билан киришиб кетдим дея оламан. Тўғриси, менга янги жамоани билиб олиш учун 20 кун етарли бўлди. Бу ерда ҳамма бир-бири билан яхши муносабатда. Гуруҳ-гуруҳ бўлиб юриш йўқ, шу ҳам мени хурсанд қилди.

– Келинг, энди қисқа саволлар билан бироз синаб кўрсак. Сизнингча, “Локомотив”да энг ҳазилкаш футболчи ким?

– Марат Бикмаев.

– Энг жиддий?

– Шуҳрат Муҳаммадиев билан Шерзод Файзиев бўлса керак.

– Энг камгап?

– Ким бўлиши мумкин? Менимча, Дилшод Комилов.

– Энг сергап?

– Ҳозирча менинг билишим бўйича, Хуршид Мухторов.

– Энг яқин дўстингиз?

– Тўғриси, характеримга кўра яқин дўст орттиришим жуда қийин. Чунки дўст бу – сизнинг иккинчи ярмингиз дегани. Дўстга ҳамма гапни ишониб айтасиз, у сирдошингиз бўлади. “Локомотив”га келиб ҳали дўст орттирмадим, балки тез орада шундай бўлиб қолар.

– Жамоада сиз энг кўп гаплашадиган футболчи?

– Кўпинча, “Бунёдкор”дан мен билан бирга ўтган Қодирқулов ва Қобилов билан гаплашиб тураман.

– Маълумки, ўйиндан олдин жамоа сардорлари ўйинни ким бошлаши ва майдон қисмини танлашади. Сиз учун майдоннинг қайси томонида ўйинни бошлаш муҳимми?

– Бу ҳам роль ўйнайди, албатта. “Бунёдкор”да ўйнаган пайтим Aбдусаттор ака Раҳимов қуёш йўқ жойни танла дердилар. Лекин мен майдоннинг фалончи қисмини танлаб ёки бўлмаса, доим бир қўлқопда ўйнаб ирим қилмайман.

abdu

– Сиз учун энг ноқулай зарба?

– Кўп нарса тўпнинг қандайлигига боғлиқ. Ҳозирги кўп тўплар ҳаводан келаётганда ўйнаб, ўз траекториясини ўзгартиради. Бу эса, дарвозабонлар учун ноқулайликларни келтириб чиқаряпти. Масалан, ўтган йил Суперлигада ўйналган тўплар менга ёқмади.

– Сиз учун энг аламли гол ўтказиш?

– Иложи борича жарима майдончаси ташқарисидан гол ўтказмасликка ҳаракат қиламан. Чунки кўпчилик айтади, жарима майдончаси ташқарисидан тепилган тўпни қайтаришинг шарт, деб.

– Ҳозиргача сиз учун энг ноқулай ҳужумчи?

– Ноқулай дея олмайман-у, лекин “қўпол” ҳужумчи бор, бу – “Металлург”даги Зоҳид Aбдуллаев. Менимча, унга қарши ўйнаш ҳеч бир дарвозабонга ёқмаса керак.

– Сизга энг кўп ёрдам берган ҳимоячи?

– “Бунёдкор”да пайтим Aнвар ака Ғофуровдан кўп нарса ўргандим. Ғофуров ўз пайтида терма жамоада ва Осиё чемпионлар лигасида ўйнаган, тажрибаси ҳам юқори. Шу боис у кишининг маслаҳатларига амал қилганман.

– Фараз қилинг, эртага муҳим ўйин бор. Бўлажак баҳсга қандай тайёрланасиз?

– Ўзимни хотиржам тутишга ҳаракат қиламан. Лекин ўта жиддий бўлиб ошиб юборишни ҳам хоҳламайман. Энг муҳими, мия тайёр бўлиши, чунки физикани бир ҳафта ичида олиб бўлган бўласиз. Ўйин куни стадионга боргунча мусиқа эшитмайман, нонуштадан кейин ухлаб олишга ҳамда ўйин куни кўп овқат емасликка ҳаракат қиламан. Дарвозабонлар учун эътиборли бўлиш жуда муҳим, шунинг учун қоринни тўйдириб олмайман.

– Режимга қанчалик амал қиласиз?

– Ҳар куни кечқурун 22:00да ухлаш осон эмас, лекин кечаси бир-икки ҳам бўлиб кетмайди. Имкон қадар ўртасини оламан. Нонуштани ҳар доим уйдагилар билан бирга, оила даврасида қиламиз

abdumavlon

– Кўчада юрганда газли ичимликлар ва фаст-фуд бемалолми?

– Тўғриси, фаст-фуд менга ёқади, лекин жуда кам истеъмол қиламан. Менда семиришга мойиллик йўқ, кўп овқат есам ҳам ўзгармайман. Газли ичимликларни эса унчалик хушламайман.

– Сиз учун Ўзбекистондаги энг кучли дарвозабон ким?

– Игнатий Нестеров. Мен кўрган дарвозабонлар орасида Нестеров шубҳасиз энг зўри. Шунингдек, Темур Жўраевга ҳам ҳавас қилганман. Лекин Темур ака кам ўйнади.

– Жаҳонда ким?

– Мен учун Икер Касильяс, уни жуда ҳурмат қиламан. Биринчи футболкам ҳам Касильясники бўлган.

– Қайси дарвозабон билан учрашишни орзу қиласиз?

– Мануэль Нойер билан.

– Сиз учун жаҳон ва Ўзбекистондаги энг кучли учта дарвозабон?

– Хўш, жаҳон дарвозабонларидан Ян Облак, Тибо Куртуа ва Aлиссон Беккерни ҳозирги пайтда энг кучлилари, деб биламан. Ўзимиздаги посбонлардан Ўткир Юсупов, Элдор Суюнов ва Жавоҳир Илёсов.

– Сиз ёшсиз, шунга қарамай дарвозабон бўлмоқчи бўлган болакайларга маслаҳатингиз?

– Биринчи навбатда айтадиган гапим – ҳамма нарсани ҳам юракка яқин олаверманг. Кўп тушкунликка тушиш ҳам фақат зарарга ишлайди. Иштиёқни эса умуман йўқотиб қўйиш керак эмас.

– Оилангиз ҳақида гапириб берсангиз.

– Дадам ўз пайтида Жисмоний тарбия институти билан Молия университетини тугатганлар. Ҳозир фирмада ишлайдилар. Онам – уй бекаси, олдин мактабда адабиётдан дарс берганлар. Битта опам бор, Жаҳон тиллари университетида инглиз тилидан дарс беради. 2019 йил уйланганман. Ҳозирча бир нафар фарзандим бор, ўғлим Aбубакир бир ёшга тўлди.

– Суҳбатимиз охирида “Локомотив” мухлисларига тилакларингиз?

– Биринчи навбатда ҳаммага соғлик тилайман. Кейин эса кўплаб ғалабаларни.

– Aбдумавлон, суҳбат учун раҳмат. “Темирйўлчилар” сафидаги фаолиятингиз ёрқин бўлишини тилаб қоламиз.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!