АГМК – “Бухоро”: Ўзаро ўйинлар тарихига оид қизқарли маълумотлар
Ads

2008 йилдан бошлаб Ўзбекистон миллий чемпионатида иштирок эта бошлаган АГМК жамоаси фаолияти давомида Бухоро шаҳри жамоаси билан 20 марта тўқнаш келган экан. Шундан 10таси ўз майдонида, 10таси сафарда ўтказилган. Олмалиқликлар ўз майдонларида ўтган 10 учрашувнинг 5тасида ғалаба қозонган бўлса, 3 ўйин дуранг ва яна 2 баҳсда рақиб ғолиб бўлган. Жамоа ўз майдонида эришган 5 ғалабасидан 2тасида йирик ҳисобда зафар қучган (2009 йил – 5:0 ва 2011 йил 6:1). Шунингдек, ўзора ўйинлардаги дурангларни ҳар уччаласи ҳам Олмалиқда ўтган баҳсларда қайд этилган. АГМК “Бухоро” билан 2010 йилги мавсумда учрашмаган, сабаби бухороликлар ўша мавсумни 1-лигада ўтказишган. Умумий статистика бўйича жамоа ҳисобида 9 ғалаба, 3 дуранг ва 8 мағлубият мавжуд. Тўплар фарқи олмалиқликлар фойдасига: 34-23.

Кўп йиллик тўқнашувлар натижасида бу икки жамоа таркиби тез-тез ўзгариб турганлигига гувоҳ бўламиз. Ортда қолган 20 ўйин давомида АГМК таркибида 117 нафар футболчи майдонга тушган бўлса, “Бухоро” сафида ўйнаган футболчилар 124 нафарни ташкил этади. Шу футболчилар орасида ҳар икки жамоа таркибида майдонга тушган футболчилар 13 нафар экан. Турли йилларда Шуҳрат Мусаев, Абдураззоқ Жўраев, Георги Квесиешвили, Артурас Фоменко, Абдуқаҳҳор Ҳожиакбаров, Маъруф Муродов, Дилявер Абибуллаев, Саидкомил Акбаров, Шавкат Муллажонов, Шаҳбоз Эркинов, Шавкат Саломов, Саламат Қуттибоев ва Арслонмурод Аманов ўзаро ўйинларда иштирок этишган. Шу билан бир қаторда ҳар икки жамоа таркибида бўлган аммо АГМК ёки “Бухоро”га қарши майдонга тушмаган футболчилар ҳам бор. Улар Алишер Саматов, Раҳматулло Бердимуродов, Ҳасан Асқаров, Қаҳрамон Баҳодиров, Отабек Валижонов, Андрей Власичев, Азиз Ғуломхўжаев, Артём Никитенко, Ойбек Нурбоев, Алибобо Раҳматуллаев, Дилшод Умархонов, Вадим Чемиртан ва Санъат Шиховдир.

Яқинлашиб келаётган 21-баҳсда собиқлар тўқнашуви яна кўпайиши мумкин. АГМК таркибида ўтган мавсумларда “Бухоро” сафида тўп тепган Санъат Шихов, Сардор Раҳмонов, рақиб сафида эса Азамат Исроилов, Хуршид Ходжаев майдонга тушиши кутилмоқда.