
АГМК — "Бунёдкор" қарама-қаршилигида юбилей тўқнашув (превью)
Бугун Олмалиқ шаҳрида Ўзбекистон кубоги ярим финалидан ўрин олган АГМК - "Бунёдкор" учрашуви ўтказилади. АГМК клуб матбуот хизмати ушбу баҳс олдидан эътиборга молик рақамларни тақдим этди.
АГМК Ўзбекистон Кубоги ярим финалида кетма-кет иккинчи йилдирди "Бунёдкор" билан тўқнаш келмоқда. Мазкур тўқнашув умумий ҳисобда ушбу жамоаларнинг кубок ярим финалидаги ўзаро учинчи беллашувига айланади. Бунга қадар АГМК ва "Бунёдкор" 2008 ҳамда 2018 йилларда ярим финал босқичида ўзаро тўқнашган. Ўтган йили финалга йўлланма берувчи баҳсда олмалиқликлар ғалабани тантана қилган бўлишса, 2008 йилги баҳсда "Бунёдкор"нинг қўли баланд келган.
АГМК ва "Бунёдкор" қарама-қаршилиги тарихига назар соладиган бўлсак, бўлажак ўйин барча мусобақаларда умумий ҳисобдаги 30-учрашувга айланади. Ҳозиргача ўтказилган ўйинларда 4 маротаба АГМК ғалабани тантана қилган бўлса, 6 бор дуранг қайд этилган ва 19 марта "Бунёдкор" ғалаба қозонган. Тўплар нисбати ҳам "қалдирғочлар" фойдасида: 28-60.
Эътиборлиси, олмалиқликлар тарихда учинчи бор, кетма-кет иккинчи йили ярим финал босқичига қадар етиб келишди. Фарқли тарафи, АГМК жамоаси бу гал мусобақанинг амалдаги ғолиби сифатида кубокни ҳимоя қилади.
АГМК Ўзбекистон Кубогида ўтган йилдан буён мағлубиятсиз серияни давом эттирмоқда. Мазкур мусобақадаги ғалабали одим 7 ўйинга етган.
Айни пайтда АГМКни бошқариб бораётган ҳозирги кундаги чемпионатимизнинг энг совриндор мураббийи - Миржалол Қосимов ярим финалдаги рақиби "Бунёдкор" устози сифатида 3 маротаба Ўзбекистон Кубогида ғолиб чиққан. "Бунёдкор" бош мураббийи Вадим Абрамов эса бир маротаба Ўзбекистон кубоги соҳибига айланган.
Қизиқ томони, айни дамда чемпионатда ишлаётган мураббийларнинг барчасини ушбу мусобақада қўлга киритган ғолибликларини қўшган тақдирда ҳам АГМК устози Миржалол Қосимов ютган кубок сонига тенглашмайди. Айни пайтдаги мутахассислар ичидан ярим финалчи "Насаф" бош мураббийи Рўзиқул Бердиев ва Вадим Абрамовда биттадан Ўзбекистон Кубоги ғолиблиги мавжуд.
"Бунёдкор" тарихда 4 маротаба Ўзбекистон Кубогида (2008, 2010, 2012, 2013) ғолибга айланган. "Қалдирғочлар" Миржалол Қосимов қўл остида (2010, 2012, 2013) 3 маротаба зафар қучишган бўлишса, 2008 йили бразилиялик мутахассис Зико билан илк бор Ўзбекистон Кубоги соҳибига айланишганди.
АГМК эса ўтган йили ўз тарихида илк бор Бахтиёр Ашурматов қўл остида Ўзбекистон Кубогида муваффақият қозонди.
Фикрлар