АГМК футболчилари Олмалиқдаги махсус мактаб тарбияланувчилари билан учрашишди
Ads

Бугун 5 декабрдан бошлаб АГМК жамоаси аъзолари қишки таътилга йўл олишди. Гарчи таътил бўлсада, жамоанинг бир қатор футболчилари Олмалиқ шаҳридаги 80-сонли ихтисослаштирилган мактаб интернатида "Халқаро ногиронлар куни" ҳамда яқинлашиб келаётган қомусимиз қабул қилган "Конституция куни" муносабати билан ташкил этилган байрам тадбирида иштирок этишди.

Мазкур мактаб интернат тарбияланувчилари яқинда бўлиб ўтган Республика кар-соқовлар жамоалари ўртасида ўтказилган футзал мусобақасида фахрли 1-ўринни қўлга киритишган. Шунингдек, катта ёшдагилар мусобақасида Олмалиқ шаҳар кар-соқовлар жамоаси иккинчи ўринни эгаллашган. Тадбир давомида ғолибларни тақдирлаш маросими ўтказилди. Интернат тарбияланувчилари ва футболчилар ўртасида қизиқарли суҳбат якунига етгач, ғолиб жамоа вакиллари АГМК футболчиларига қарши баҳс юритишди.

Қизиқарли кечган учрашувда 8:4 ҳисоби билан мезбонлар мактаб интернат жамоаси ғалаба қозонди. Учрашув якунлангач, мактаб интернати тарбияланувчиларига эсдалик совғалари улашилди.