АГМК кетма-кет учинчи марта финалга чиқа оладими? Миржалол Қосимов билан ҳамкорлик яна давом эттириладими? Клуб бош директори жавоб берди

АГМК клуби бу йил бир бош баланд сакради, десак муболаға бўлмаса керак. Ўз тарихида илк бор чемпионатда бронза медалини қўлга киритди ва бу жамоа учун катта ютуқ. Ҳали олдинда эса Ўзбекистон кубогидаги юришини давом эттиряпти.

Биламизки, охирги икки йилдан бери олмалиқликлар финалгача етиб боришяпти. 2018 йили “Пахтакор”ни мағлуб этиб кубокни қўлга киритган бўлса, ўтган йили ўша рақибга ютқазганди.

Бу йил ҳам яна бир бор финалга чиқиш ва кубокни боши узра кўтариш жамоанинг мақсади бўлиб турибди. АГМК клуби бош директори Мухтор Қурбонов sports.uz мухбири билан мулоқотда жамоанинг эришаётган натижалари, кубокдаги иштирок ва бош мураббий масаласида ўзининг фикрларини билдирди.

- Ўзбекчиликда насиб деган гап бор, бу йил бизга учинчи ўрин насиб қилди, - деб гапини бошлади, Қурбонов. - Футболда ҳамма яхши биладики, бир жамоани йўлга қўйиш, босқичма-босқич юқорига интилиш, деган тушунчалар бор. Бирор нарсани қисқа фурсатда битириб, эгасига топширса, тезда бузилиб кетиши мумкин. Ўтган йили Миржалол Қосимов бош мураббий бўлиб келди. Сўнг жамоани туздик, ўргандик. Ўшанда 8-ўринни олдик, кубокда финалгача етиб бордик. Аммо чемпионатда эгаллаган 8-поғона бизга мос эмасди. Барибир қадамба-қадам интилишда давом этдик. Бу йил кўрсатяпмизки, клуб аста-секин шаклланиб, ўз йўлини топяпти. Учинчи ўринни қўлга киритганимиз бежиз эмас. Бунга муносиб бўлдик. Тепамизда “Пахтакор” билан “Насаф” бор. Масалан, қаршиликлар ҳам доим шаклланган жамоа сифатида яхши таассурот қолдиришади. Ҳар йили совриндорлар қаторидан жой олиб келади. “Насаф” айниқса, иккинчи даврада мазмунли ўйин кўрсатди.

Умуман олганда, йилнинг бошида АГМКга совриндорлар қаторидан жой олиш вазифаси қўйилганди ва буни уддаладик. Олдимизда эса кубок учрашувлари турибди. Чорак финалга қуръа ташланди, рақиблар билинди. АГМК ҳар бир ўйинда ғалаба қозониб, ўзи иштирок этаётган мусобақаларда муваффақиятга эришиш учун астойдил ҳаракат қилади. Биз учун мавсум ҳали тугамади. Учинчи ўринни қўлга киритганимиз эсда қоларли бўлди ва шу билан бирга тарихга кирди. 20 декабрда Наманганда финал бўлади. Биз шунга қараб интиляпмиз. “Локомотив”ни 3:0 ҳисобида ютганимиздан ҳамма мамнун бўлди. Аммо барчаси ҳали олдинда, тўхтаб қолмаймиз. Насиб қилса, 20 декабрь куни Намангандаги финалда ўйнамоқчимиз.

Мухтор Қурбонов3_1

Икки йилдан бери финалга чиқяпмиз ва буни яна бир бор уддаламоқчимиз. “Локомотив”га Кападзе келгач, анча шаклланди. Чемпионатда эса бу рақибга ютқазиб қўйганимиздан кейин деярли иккинчи ўриндан айрилгандик. Уларга қарши кубокдаги учрашув эса биз учун реванш бўлди. Яна иккита ўйин қолди ва финалга чиқсак бундан ҳам хурсанд бўламиз. Кетма-кет уч маротаба финалда иштирок этиш катта бахт. Биз шунга бор кучимизни сарфлаймиз.

Раҳбарият ҳам, футболчилар ҳам Миржалол Қосимов билан яна бирга ишлаш тарафдори. Тўғри, ўтган йили ўзимиз ўйлаган натижаларга эриша олмагандирмиз, аммо бу йилги натижалардан ҳамма қониқяпти. Ҳали кубокда иштирокимизни давом эттиряпмиз. Умид қиламанки, Қосимов билан ҳамкорлигимиз тўхтаб қолмайди. Кейинги йилга ҳам бирга ишлаймиз. Ҳали АГМК жамоасининг муваффақиятлари олдинда деб ўйлайман.

Олдимизга қўйилган биринчи вазифани бажардик, иккинчиси кубокни ютиш. Ушбу мусобақадан кейин раҳбарият ва мураббийлар штаби барчамиз яна бир бор режалар ҳақида гаплашиб оламиз. Агар Осиё Чемпионлар лигасига чиқсак, таркибда албатта ўзгаришлар бўлади ва янада кучлироқ футболчиларни жалб қиламиз. Жамоани бундан-да кучайтиришимиз талаб этилади, - дея муносабат билдирди, Қурбонов.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!