АГМКда кутилмаган бурилиш. Энди бу клубни тўхтатиб қолишни имкони йўқми?
Юртимизда футболнинг қайноқ “ҳавоси” кезиб юрибди. Ўзбекистон U-23 бўйича Осиё чемпионатига мезбонлик қиляпти. Шунингдек, миллий терма жамоамиз тез орада Наманганда саралаш баҳсларини ҳам ўтказади. Шу боисдан миллий чемпионатимизда кичик танаффус юзага келди. Унгача бор эътибор олимпия ҳамда миллий терма жамоамизга қаратилади. Бу орада эса Суперлига клублари маълум хордиқдан кейин яна тайёргарлик кўришга киришиб кетадилар.
Суперлигада 11 та тур ўтказилди. Бироқ барча иштирокчилар ҳам 11 та ўйинда майдонга тушгани йўқ. Фақат айримлари тўлиқ ўйин ўтказди. Бошқа пайт терма жамоалар ўйинлари ёки Осиё Чемпионлар лигаси туфайли Суперлига баҳслари қолдирилган. Юзага келган танаффусдан фойдаланган ҳолда эндиликда чемпионатимизнинг ҳар бир иштирокчиси борасида шу пайтгача босиб ўтган йили хусусида сўз юритамиз.
Тартиб бўйича аввал пешқадамдан бошлаган маъқул-а? Айни чоғда Суперлигамизда Олмалиқнинг АГМК клуби карвонбоши бўлиб турибди. Бу ким учундир кутилган, яна кимгадир кутилмаган ҳолат, шундай эмасми? Ёдингиздан кўтарилмаган бўлса, Миржалол Қосимов учун аслида мавсум яхши бошланмаганди. Бу жамоа чемпионатни бирин-кетин иккита сафар ўйини билан бошлашига тўғри келди. Аввалига Бекободда “Металлург” клубига ягона гол эвазига ютқазиб қўйди. Иккинчи турда эса Тошкентда “Локомотив”га 1:2 ҳисоби билан енгилганди. Шу тариқа, АГМК иккита мағлубият билан мавсумни бошлади ва буни кўпчилик кутмаганди. Олмалиқликлар тўлиқ ўйин ўтказгани йўқ. Чунки режага кўра, 3-турда “Насаф”ни қабул қилишлари керак эди. Бироқ қаршиликлар Осиё Чемпионлар лигасидан қатнашгани сабабли ўйин қолдирилган.
Миржалол Қосимов жамоаси Суперлигада етакчилардан бири. Шунинг учун совринли ўринлар учун курашишда албатта АГМКнинг номи ҳам тилга олинади. Ўтган мавсумда учинчи ўринни қўлга киритган. Бу йил ҳам клубнинг имкониятлари юқори баҳоланмоқда. Дастлабки икки мағлубиятни тасодиф сифатида қабул қилганлар ҳам бўлди ва буни АГМК амалда исботлашга тушди. Натижада клуб кутилмаган бурилиш қилди. Боиси, Олмалиқ жамоаси ўша бошидаги иккита мағлубиятдан кейин бошқа ютқазгани йўқ. 4-турдан бошлаб, жамоа аста-секин худди машина сингари тезлигини ошира бошлади.
1 апрель куни Термизнинг “Сурхон” клубига қарши баҳс АГМКнинг жорий мавсумдаги дастлабки ғалабасига айланди. Аммо осон бўлмади. Ҳисоб 1:1 бўлиб турган пайтда Мартин Боаке 75-дақиқада жамоасига ғалаба келтирувчи голни урганди. Умуман айтадиган бўлсак, АГМК шу пайтгача 6 та ғалаба ва 2 та дуранг қайд этди. “Пахтакор” ва “Бунёдкор” билан беллашувларда Қосимов жамоаси 0:0 ҳисобларида дуранг ўйнаган ҳолда рақиблари билан муроса кўчасини танлашига тўғри келди.
Яна бир гап: АГМКда ҳозирча гол уриш бўйича сермаҳсуллик юқори даражада. Суперлига иштирокчилари орасида шу пайтгача энг кўп гол урган жамоалар иккита бўлиб, булар – АГМК билан “Сўғдиёна”. Улар рақиблар дарвозасига 18 тадан тўп киритган. Жумладан, олмалиқликлар 18 та гол уриб, дарвозасидан 9 та тўп ўтказган. Мавсумни кетма-кет иккита мағлубият билан бошлаган клуб учун голлар уришдаги бундай самарадорлигини юқори баҳоласа бўлади. Шунга яраша клуб ғалаба қозонган учрашувларида камида иккитадан гол уриб келяпти.
Шунингдек, АГМК сафидаги иқтидорли ҳужумчи Хуршид Ғиёсов тўпурарлар орасида боряпти. У ўз ҳисобига 5 та гол ёзиб қўйишга муваффақ бўлди. Табиийки, жамоасининг ғалабаларида ушбу ҳужумчининг ҳиссаси ҳам катта. Бундан ташқари, миллий терма жамоа бош мураббийи Сречко Катанец йиғинга жалб қилган футболчилар орасида АГМКдан дарвозабон Валижон Раҳимов, ҳимоячилар – Абдулла Абдуллаев билан Акром Комилов ҳам бор. Айниқса, Акромнинг яна маълум танаффусдан кейин терма жамоага қайтгани қувонарли ҳол.
Кўриб турганингиздек, АГМК клуби аввалги мағлубиятлар гўёки тасодифлигини исботлагандек, қолган учрашувларда мағлубиятсиз одимини давом эттиряпти. Кутилганидек, чемпионатда совринли ўринлар учун фаворит эканини амалда кўрсатишни бошлади. Шуни аниқ айтиш мумкинки, Миржалол Қосимов мавсум охирига қадар медаллар учун курашишини давом эттиради. Фақат якунда қайси поғонада бўлишини вақт кўрсатади.
Фикрлар