Акбар Исматуллаев ва "Динамо" иши ЎФА қўмитасига оширилди
Самарқанднинг "Динамо" клуби 2023 йилнинг 15 декабрь санасида футболчи Акбар Исматуллаев билан 1 йиллик шартнома имзолаган бўлиб, мазкур шартномани «Суперлига ва Пролига регламенти»да белгиланган лимитдан ташқари 17 декабрь куни Лига рўйхатидан ўтказган. 18 декабрь куни эса қишки трансфер ойнаси очилган.
Бироқ "Динамо" қишки трансфер ойнаси ёпиладиган 24 февралга қадар Акбар Исматуллаевни мусобақалар учун рўйхатга киритмади. Яъни, футболчининг "Динамо" билан амалда шартномаси бор бўлсада, у Лига томонидан ўтказиладиган мусобақаларда иштирок эта олмайдиган бўлди. Ваҳоланки, меҳнат шартномасининг 4.1.3-бандида футболчининг мураббийлар қўл остида машғулот ўтказиши ҳамда мусобақалардаги иштирокини таъминлаш "Динамо" мажбуриятларидан бири сифатида кўрсатилган.
Футболчи сифатидаги асосий ҳуқуқи поймол қилингач, Исматуллаев Ўзбекистон футболчилари уюшмасига шикоят киритди. Шу асосда 29 февраль куни "Динамо" футболчи ФИФА низомлари асосида шартномани бир тарафлама бекор қилиши мумкинлиги тўғрисида огоҳлантириш хати олди, аммо уни белгиланган муддат ичида жавобсиз қолдирди. Натижада Истамуллаев жорий йилнинг 7 март куни "Бунёдкор" клуби билан шартнома имзолади.
«Футболчилар мақоми ва трансфери бўйича регламент»нинг 6.1-бандида шартномаси узрли сабаб бўйича тугаган профессионал футболчи истисно тариқасида рўйхатдан ўтказиш давридан ташқари рўйхатдан ўтказилиши мумкинлиги, Ассоциация бундай профессионал футболчини рўйхатдан ўтказишга тегишли мусобақанинг спорт яхлитлигига етарлича диққат-эътибор қаратиш шартида рухсат бериши мумкинлиги белгиланган. Шундан келиб чиқиб, уюшма Акбар Исматуллаевга "Бунёдкор" таркибида мусобақаларда иштирок этишга рухсат бериш масаласида ёрдам сўраган.
Лига мазкур ҳолатни ўрганиб чиқиб, ишни ЎФА тегишли қўмитасига оширишга қарор қилди.
ЎзПФЛ матбуот хизмати.
Фикрлар