Акмал Ортиқов: "Биз унга тўлиқ ишонамиз"
ПФЛ телеграмдаги расмий саҳифаси орқали Про лига дарвозабонлари статистикасини эълон қилди.
Эътиборли жиҳати, "Металлург" посбони Суҳроб Султонов қуруқ ўйинлар бўйича рўйҳатда этакчилик қилмоқда.
Шу муносабат билан "Металлург" ПФК медиа хизмати клуб дарвозабонлар мураббийи Акмал Ортиқов билан қисқа интервю ташкиллаштирди.
- Ассалому алайкум, Акмал ака. Чемпионатнинг дастлабки 5 та тури ортда қолди. Қувонарли жиҳати шундаки, ҳозирга келиб айнан "Металлург" клуби кипери Суҳроб Султонов "қуруқ ўйинлар" бўйича лигада пешқадамлик қилмоқда. Буни кутганмидингиз?
- Ва алайкум ассалом. Суҳроб Султонов тажрибали дарвозабон. Жамоага таклиф қилаётганда ҳам бу жиҳатга алоҳида эътибор қаратганмиз. Биз унга тўлиқ ишонамиз. Бевосита "қуруқ ўйинларига" келсак, бу Суҳроб ва ҳимоя чизиғи вакилларининг меҳнати самараси деган бўлардим. Худо хоҳласа, мавсум давомида "қуруқ ўйинлар" ҳали кўп бўлади.
- Чемпионат стартидаги ўйинларда жамоа ғалаба қозонган баҳсларда ҳам гол ўтказиб юборди. Бунга нима сабаб бўлди деб ўйлайсиз?
- Мавсум старти доим қийин кечади. Бу исталган жамоа ва исталган футболчи учун шундай. Табиийки, дастлабки ўйинларда хатолар ҳам учраб туради. Муҳими уларни тўғрилаб, такрорламаслик. Ишончим комил, аста-секин Суҳроб ҳам, жамоа ҳам ўзининг ишончли ўйинини топиб боради.
- Тажрибали Султоновдан ташқари клуб яна икки посбон — Моҳир Комилов ва Дилруҳ Алиевни лига рўйхатидан ўтказган. Ушбу дарвозабонлар ҳақида нима дея оласиз, уларнинг имкониятларига қандай баҳо берасиз?
- Дарҳақиқат, таркибимизда яна икки ёш, умидли дарвозабонлар бор. Уларнинг иккиси ҳам ўз вақтини кутиб, машғулотларда астойдил меҳнат қиляпти. Худо хоҳласа, Моҳирнинг ҳам, Дилруҳнинг ҳам имконияти, вақти келади.

Фикрлар