Акмал Шораҳмедов: Мухлисларсиз футболнинг асл безаги йўқолади, лекин...

Суперлига рестартига тараддуд кўрган АГМК бугун эрталаб Навоийга етиб келди ва куннинг иккинчи ярмида учрашувдан олдинги сўнгги тайёргарлик машғулотларини якунлади. Клуб матбуот хизмати жамоа сардори Акмал Шораҳмедовнинг "Қизилқум" билан ўйин олдидан қандай фикрда эканлигини билиш мақсадида у билан қисқача суҳбат уюштирди.

"Карантин даври барча жамоаларнинг ҳолатини бир даражага туширди. Эндиликда ўйинлар орқали жамоалар ўз спорт формаларини тиклаб олишлари мумкин. Эртага бизни осон бўлмаган баҳс кутмоқда. Чунки "Қизилқум"да мураббий алмашди ва одатда янги мураббий қўл остида футболчилар ўзларини кўрсатишга икки ҳисса куч билан ҳаракат қилишади. Ҳозир ким қандай ҳолатда эканлиги ҳақида аниқ тасаввур йўқ. Барчасини ўйин кўрсатади. Мақсадимиз ўзгармайди. Фақат ва фақат ғалабани кўзлаб майдонга чиқамиз. Мухлисларсиз футболнинг асл безаги йўқолади. Лекин ҳозирги шароитда телеэкран орқали ҳам футбол кўришни соғинганлар ва буни истовчилар ниҳоятда кўп. Шу боис ҳозирча шу шароитда бўлсада ишқибозлар футболни томоша қилишга муштоқ. Умид қиламизки, тез орада вазият янада ўнгланиб, мухлислар ҳам стадионга қайтишади ва бизни қўллаб-қувватлаб туришади. Ҳар қандай футболчи учун мухлислар олқиши ва қўллаб-қувватлови муҳим. Гарчи бизда стадионлар тўлиб тошмаган бўлсада, стадионда футбол муҳитини яратишда мухлисларимиз фаоллик кўрсатишган. Уларнинг йўқлиги албатта сезилади, лекин биз мухлислар уйда яхши сифатдаги футбол томоша қилишлари учун ҳаракат қиламиз", - дея ўйинолди фикрлари билан ўртоқлашди жамоа сардори Акмал Шораҳмедов.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
Muxriddin Murodivich
13/06/2020 00:14
O'zi AGMKADA muxlis yoq ediku OSHA bom bosh stadion va yana osha bom-bosh stadion sizlarga xechnarsa bilinmaydi