"Албатта, Эшмуродов билан алоҳида гаплашамиз. Ўйлайманки, вазият ёмонлашгани йўқ" - Рўзиқул Бердиев ўйиндан кейинги можаро ҳақида
Бугун “Насаф” клуби меҳмонда Ўзбекистон Кубоги чорак финалида Жиззахнинг “Сўғдиёна” жамоасига қарши ўйнади.
Беллашувда киритилган ягона гол эвазига “Аждарлар” ярим финал йўлланмасини қўлга киритди. Баҳс якунлангач, “Насаф” устози Рўзиқул Бердиев матбуот анжуманида иштирок этди.
- “Сўғдиёна” жамоаси курашни таклиф қилади. Шунинг учун йигитларга курашда ютқазмаслигимиз кераклиги хусусида кўрсатма бергандик. Бугун тартибли ўйнадик. Стандартлар “Сўғдиёна”нинг кучли томонларидан бири. Биз бу вазиятларда жуда эътиборли ўйнадик. Курашларга ва хиссиётларга бой ўйин бўлди. Охирги пайтларда “Сўғдиёна” – “Насаф” учрашуви кескин курашлар остида ўтяпти. Рақиб стандартлар ва қарши ҳужумларга таяниб ўйнайди. Ҳимояда яхши ва жипс ҳаракат қилдик. Натижада рақибга стандарт вазиятларда имкон қолдирмадик. Бугунги ғалабамизга асосий омил бўлди, деб ўйлайман.
- Ўйин олдидан таркиб эълон қилинганида “Насаф” асосий таркибини ОФК Кубоги финалига асради, деган гаплар ҳам бўлди. Аслида мақсад қанақа эди?
- Албатта, буни ҳам ўйлагандик. Асосий эътиборимиз ОФК финалига қаратилган. Кўп ўйинчиларимизни захирада қолдиргандик. Кучимизни тақсимлаган ҳолда бугунги учрашувга эътибор қаратишимиз талаб қилинади. Ўйлайманки, амалда буни тўғри бажара олдик. Кейинги ўйинни эсдан чиқармаган ҳолда бугун 3-4 нафар ёшларга ҳам имконият бердик. Улар ишончимизни оқлади. Мазмунли ўйнамагандирмиз, аммо футболчиларимиз курашни бой беришмади. Майдоннинг ҳар бир қарич ери учун жуда яхши курашишди. Шу боис йигитларга миннатдорлик билдирдим. Мазмунли ўйин учун эмас, “Сўғдиёна” жамоасига қарши туриб бергани учун раҳмат айтдим.
- Умар Эшмуродов захирадан майдонга тушиб Баҳодир Насимовга боши билан зарба берди. Майдонни жанжал билан тарк этди. Уни жаримага тортасизми?
- Бу – футбол, ҳиссиётларга бой. Билган бўлсанглар, ўтган ўйинда ҳам шу иккаласини орасида келишмовчилик бўлганди. Мен бунга жуда чуқурлашмадим. Фақат иккиси ҳам озгина қизишди. Улар ёш футболчилар эмас, тажрибали ўйинчилар. Мағлубиятни ҳам, ғалабани ҳам тўғри қабул қилишади, деган умиддаман. Чунки Насимов ҳам, Эшмуродов ҳам иккала жамоа учун керакли футболчилар. Албатта, Умар билан алоҳида гаплашамиз. Ҳар қандай ҳолатда ҳам футболчи ўзини яхши тутишни билиши керак. Тўғри, хиссиётларга берилишади, аммо бугун ўйлашимча, чегарадан чиқиб кетмади. Ўйлайманки, вазият ёмонлашгани йўқ.
- Эшмуродовни аҳволи яхшими?
- Яхши, ҳаммаси жойида. Футболчилар билан гаплашиб, ҳиссиётларга берилмасликларини яна бир бор уқтирдим. Ҳар қандай ҳолатда ҳам ўйин тугаганидан кейин ўзини яхши тутиши керак.
- “Насаф” асосий кучини ОФК Кубоги финалига сақлашини кўпчилик билганди. Чемпионатда ҳам совриндор бўлишга ҳаракат қиляпти. Ўзбекистон Кубогида ҳам финалга чиқиш имконияти бор. Жамоанинг руҳий ва жисмоний ҳолатидан келиб чиқиб, мақсадларига эришиши мумкинми?
- Албатта, олдимизда шу вазифалар турибди. Тан олишимиз керак, асосий эътиборимиз ОФК Кубогига қаратилган. Шу боис бир қатор ўйинчиларга жароҳат олмасликлари учун дам бергандик. Бугун майдонга чиққан йигитларга стратегиямизни аниқ кўрсатганимиз ва буни бажаргани яхши бўлди. Жамоа ўйинини ташкил қилиш жуда муҳим. Ҳар бир ўйинга жиддий ёндашамиз.
Фикрлар