Александ Усик -Энтони Жошуа ким ғалаба қозонади? Ўзбекистонлик бокс олами вакиллари жавоб берди

  • 6 сентябрь, 2021, 19:56
  • 3
  • Бокс

25 сентябрь куни профессионал бокс оламининг энг оғир вазн тоифасида супер тўқнашув бўлиб ўтади. Украиналик Александр Усик британ боксчиси Энтони Жошуага қарши рингга кўтарилади. Мазкур жанг WBA, WBO, IBF ҳамда IBO чемпионлик камарлари учун ўтказилади. Маълумки, мазкур титулларнинг амалдаги соҳиби Жошуа ҳисобланади. Усик эса ушбу камарларга даъвогар сифатида жанг қилади.

Хуллас, ажойиб қарама-қаршилик. Албатта, жангдан аввал боксчиларнинг имкониятлари борасида бир-бирига зид бўлган фикрлар кўплаб янграмоқда. Биз ҳам анъанамизга мувофиқ ўзбек бокс олами вакилларининг ушбу жанг борасидаги фикрларига қулоқ тутдик.

Зуфар Сулаймонов – мураббий

- Усик жуда тезкор ва техникаси юқори боксчи саналади. Қолаверса, 12 раунд мобайнида кучини тенг тақсимлай ҳам олади. Умуман олганда ақлли боксчи. Жошуа ҳам бекорга чемпион эмас. Унда ҳам кучли зарба ва ажойиб габарит бор. Яъни, жисмонан кучли, десак муболаға бўлмайди. Бироқ, зарбани у қадар кўтара олмаслигини сўнгги жангларда гувоҳига айландик. Бир сўз билан айтганда, бу жангда Усикни имконияти юқорироқ.

зуфар ака11

Раҳматжон Рўзиохунов – мураббий

- Ҳар иккиси тажрибали ва кучли боксчилар. Украина ва Англия мактабининг тўқнашуви бўлади. Жошуанинг зарбалари кучли ва у жисмонан бақувват. Владимир Кличконинг спарринг шериги бўлган ва бундан у жуда яхши сабоқ олган, десак бўлади. Минус томонлари ҳам йўқ эмас. Яъни, унда мактаб яхши эмас, деб ўйлайман. Жангларини кўриб, шундай хулосага келганман. Агар, кучли зарба ўтказиб юборса, тез таслим бўлади. Аммо ўзининг кучли зарбасини ўтказа олса, рақибини қўйиб юбормай, жанг тақдирини ҳал қилади.

Усикка келадиган бўлсак, у жуда кучли бокс мактабини ўтаган. Оёқ ҳаракатлари, ранг-баранглик, ҳимоя унда жуда яхши шаклланган. Жисмоний ҳолати ҳам хавас қилгулик даражада. Қолаверса, рингда ақл билан ҳаракат қилади. Якуний хулосани айтадиган бўлсам, жангни боришини ким ўзининг мактабига, тактикасига юргиза олса, ўша ғалаба қозонади. Албатта, бу шахсий фикрим!

рахматжон

Тўлқин Қиличев – мураббий

- Бу ерда жуда кўп факторлар бор. Усикда мактаб жуда яхши қўйилган. Ҳақиқий, классик мактаб, “стойка”да туриши, ҳаракатлари , умуман, чиройли бокс тушади. Жошуада эса мактаб жуда зўр қўйилган, деб айта олмайман. У урғуни жисмоний ҳолатга қаратади. Унинг “стойка”да туриши ва ҳаракатларидан ёшлигида мактаб яхши қўйилмаганлигини кўриш мумкин. Бироқ, у жуда кўп жангларда иштирок этиб, улкан тажриба тўплаган. Агар, Усикни жисмоний ҳолати етса, у жангни ютади. Жисмоний ҳолати панд берса, аксинча, мағлубиятни қабул қилиб олади, деб ўйлайман.

 Жошуа буни билади ва кўпроқ босим қилиб, уни жисмонан синдиришга ҳаракат қилади. Усик эса ўзининг техникасига таяниб, алдашга интилади. Қисқа қилиб айтганда, ким ўзининг тактикасини ўтказа олса, ўша ютади. Аммо, украиналик боксчида ёш ҳам бироз каттароқ. Шунинг учун унинг жисмоний ҳолати панд бериб қўймасмикан, деган фикрдаман. Бироқ, шогирдим Баҳодир Жалолов бўлганда Жошуани албатта ютарди. Чунки, бизда энг зўр мактаб, энг зўр зарба ва ажойиб ҳаракатлар бор. Бироқ, бунга бироз вақт керак. Профессионал боксда яна уч-тўртта жанг зарур бўлади.

қиличев

Мақсуд Жумаев – мураббий

- Чиройли ва қизиқ жанг бўлади. Имкониятлар борасида тўхталсак, Усик мукаммал боксчи. Унда тактик, техник жиҳатдан устунлик бор. Шунингдек, ҳар бир жангда турли тактикаларни қўллайди. Яъни, жангга қараб, тактикани ўзгартириб бораверади. Чидамли эканлигини ҳам айтиб ўтсак, бўлади. Умуман олганда, украиналик боксчининг имконияти юқори.

маысуд

Фаррух Қиличев – мураббий

- Бу жанг томшабоп ва шиддатли ўтиши тайин. Имкониятларга тўхталсак, изоҳга ҳожат йўқ. Шунчаки Усик ютади.

фаррух_1

Бобур Нажмиддинов – мураббий

- Жангда кимнинг имконияти юқори эканлиги борасида фикр билдириш қийин. Аммо, Усикка мухлислик қиламан ва унинг ғалаба қозонишига тилакдошман.

Бобур Нажмиддинов

Ҳасанбой Дўсматов – боксчи

- Ҳозирда ҳар икки боксчининг жисмоний ҳолати жуда юқори. Олдиндан бирор фикр билдириш жуда қийин. Барчасини ринг кўрсатади. Иккисининг ҳам кучли жиҳатлари бор. Мисол учун Усикда техника юқори бўлса, Жошуада кучли зарба бор. Агар, жанг 12-раунд давом этадиган бўлса, Усикнинг ютиб қўйиш эҳтимоли юқори, деб биламан. Чунки, украиналик боксчи чарчамайди ва Жошуага нисбатан анчагина тезроқ. Мабодо Жошуа ўзининг аниқ, ўйланган зарбасини йўллай олса, жанг муддатидан аввал якунланади. Сабаби, инглиз боксчисининг зарбаси жуда қаттиқ.

хасанбой

Баҳодир Жалолов – боксчи

- Оғир вазн тоифасида аввалдан бирор фикр билдириш қийин. Чунки, битта зарба жанг тақдирини ҳал қилиб қўйиши мумкин. Лекин Жошуада имконият кўпроқ, деб ўйлаяпман. Сабаби, бу вазн ўзиники, Усик эса асосан битта паст вазнда ҳаракат қилган ва кўп бўлмади, бу вазнга ўтганига, бироқ, бу бокс ва унда ҳар қандай ҳолат бўлиши мумкин.

бахо

Исроил Мадримов – боксчи

- Буларнинг жанги барча учун қизиқ. Аслида, тахмин қилишни ёқтирмайман. Аммо, бу иккисининг ўзига яраша кучли жиҳатлари бор. Имкониятларни 50/50, деган бўлардим. Жошуада оғир, нокаутга учратувчи зарба бор. Усик эса, кучли босим қилади ва жанг мобайнида жуда кўп зарбалар йўллаган ҳолда рақибини чарчатади. Агар, Жошуа нокаут билан ютмаса ва жанг охирига қадар давом этса, Усикни ғалаба қозониш имконияти бор.

иса3

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
urazaliyev oybek
16/09/2021 09:33
Joshua g‘alaba qozonadi deb o‘ylayman
&
Турсун Ғани
07/09/2021 01:05
Бизнинг боксчиларга ҳам шундай ажойиб жангларда, чемпионлик камарларида иштирок этиш тез орада насиб қилсин деб ният қилиб қоламиз. Айниқса Баҳодир Жалолов, Исроил Мадримов, Фазлиддин Ғойбназаров, Шаҳрам Ғиёсов, Ҳасанбой ва бошқаларнинг ҳам тезроқ жангларга чиқишларига тилакдошмиз. Улардан ажойиб ғалабаларни кўтиб қоламиз. Омад барчаларига. Олға Ўзбегим Бокси. Биз сизларнинг яна профеционалларда ҳам чемпион бўлишингларга ишонамиз ва албатта шуни кутмоқдамиз. Олға ватандошлар...
&
Турсун Ғани
07/09/2021 01:05
Бизнинг боксчиларга ҳам шундай ажойиб жангларда, чемпионлик камарларида иштирок этиш тез орада насиб қилсин деб ният қилиб қоламиз. Айниқса Баҳодир Жалолов, Исроил Мадримов, Фазлиддин Ғойбназаров, Шаҳрам Ғиёсов, Ҳасанбой ва бошқаларнинг ҳам тезроқ жангларга чиқишларига тилакдошмиз. Улардан ажойиб ғалабаларни кўтиб қоламиз. Омад барчаларига. Олға Ўзбегим Бокси. Биз сизларнинг яна профеционалларда ҳам чемпион бўлишингларга ишонамиз ва албатта шуни кутмоқдамиз. Олға ватандошлар...