Александр Хомяков: "Оладиган гонораримизни биламан"
Ўзбекистон Кубоги финалидан сўнг ғолиб бўлган "Андижон" устози Александр Хомяков ҳамда учрашувнинг энг яхши футболчиси бўлган Леван Арвеладзе матбуот анжуманида иштирок этдилар.
Александр Хомяков: - Бахтлиман, ғалабадан бошим осмонга етди. Биринчи навбатда биз билан ҳамиша бирга бўлган мухлисларимизга катта раҳмат. Бизни бошидан охиригача тинмай қўллаб-қувватлаган ишқибозлардан чексиз миннатдорман. Уларни ажойиб олқишлаши натижасида ғалабага эришдик. Шу билан бирга барча Андижон халқини табриклайман. Ушбу ғалабани узоқ кутгандик ва бирга нишонлаётганимиздан хурсандман.
Леван Арвеладзе: - Хиссиётларга бой ўйин бўлди. Жуда хурсандман. Шу билан бирга оғир учрашувни ўтказдик. Гол урганимиздан кейин ўйинимиз янада очилиб кетди. Иккала жамоа ҳам майдонда жонини бериб ўйнади. Бутун Андижон халқини унутилмас ғалаба билан табриклайман. Бу тарихий ғалаба ва биз тарихга кирдик.
- Жамоа ҳисобни тенглаштириб олгунча айтарли хавфли вазиятларни юзага келтира олмади. Голдан кейин эса ўйин ижобий томонга ўзгарди. Қайси вазият жамоангиз ўйинини ўзгартириб юборди?
Александр Хомяков: - Кеча матбуот анжуманида айтиб ўтганимдек, “Навбаҳор” ҳам, “Андижон” ҳам бир-бирини яхши ўрганиб чиққан. Ўтказиб юборган дастлабки голимиз режаларимизга таъсирини ўтказди. Бу голни ўтказиб юбормаслигимиз керак эди. Асосий режамиз 70-дақиқадан кейин бошланиши керак эди. Имкон қадар ҳисобни тенглаштириб олгач, масалани пенальтилар сериясигача олиб боришни хоҳламадик ва ўйин якунигача яхши ҳаракат қилиб, ғалабани қўлга киритишни хоҳладик. 3 та стандарт вазиятни яратдик. Одатда, ғолиблар муҳокама қилинмайди. Ҳужумкор футбол ҳаммага ёқади. Лекин баъзида шундай бўладики, натижа келтирадиган ўйин муҳимроқ. Биз натижа учун ҳаракат қилдик.
- Бу ғалабага кўпроқ иштиёқ сабаб бўлдими? Тактик ўзгаришлар ҳам ғалабага замин яратдими?
Александр Хомяков: - Футболчилардаги ўз ишига бўлган ишонч ва иштиёқ кўпроқ ғалабага замин яратди.
- “Андижон” ғалаба қозонса, футболчиларга автомобил ваъда қилинган экан. Шу ростми?
Александр Хомяков: - Йўқ, мен бу хабарни эшитмадим. Ҳаммаси гап-сўзлар. Ҳа, биз гонорарларга эга чиқдик.
- Бу тарихий ғалаба. Вилоят ҳокимидан мукофот тариқасида нима кутяпсиз?
Александр Хомяков: - Мукофотлар, совғалар беришса керак. Аммо оладиган гонораримизни биламан.
- Ушбу тарихий ғалабани кимга бағишлайсиз?
Александр Хомяков: - 15 йилдан бери Ўзбекистонда ишлаб келяпман. Бу ғалабани бутун Андижон халқига бағишлайман. Шунингдек, вилоят ҳокимига ва ҳомийимиз “Узавтосаноат”га ҳам бағишлайман.
- “Навбаҳор”га қарши Андижондаги ўйиндаги ғалабадан сўнг “футбол Худо”си биз билан бўлди, дегандингиз. Бу сафар ҳам яна шундай дея оласизми?
Александр Хомяков: - Шундай деса ҳам бўлади.
- “Андижон” ушбу мавсумдаги энг қийин ўйинини ўтказди. Жамоани келажаги ҳақида фикрингиз қандай? Суперлигадаги олдинда турган баҳслар борасида нима дея оласиз? Яхши натижалар бўладими?
Александр Хомяков: - Бугунги ғалаба ҳаммасини ўзгартириб юборади ва яхши натижаларимиз бўлади. Суперлигадаги натижаларимиз ҳозирча яхши эмас. Ғалабани нишонлашга бир кун вақтимиз бор. Икки кундан сўнг Тошкентда йиғиламиз ва “Сурхон”га қарши ўртоқлик учрашуви ўтказиб, тайёргарлик кўрамиз. Шундан сўнг озгина дам оламиз ва кейинги учрашувларга тайёргарликни давом эттрамиз.
- Бу фаолиятингиздаги энг муҳим ўйинмиди?
Александр Хомяков: - Ҳақиқатда ҳаётимдаги муҳим ғалаба бўлди. Фахрлансам арзийди. 15 йил давомида Ўзбекистонда бежизга ишламаётганимни исботладим. Кубокни ютдим, жуда ҳам хурсандман.
- Бу ўйин “Андижон”ни мавсумдаги энг яхшисими?
Александр Хомяков: - Йўқ. Биринчи даврада анча сифатли ва яхшироқ ўйинларимиз бўлганди. Ҳаммаси яхши бўлишини, натижа амалга ошишини инсон қалбан сезади. Ўйинчи алмаштиришимиз ҳам ижобий таъсир кўрсатди. Мураббий сифатида мен доимо яхши бўлишини хоҳлайман. Масъулиятни чуқур ҳис қилган ҳолда ғалаба қозондик. Футболчиларга раҳмат айтиш керак.
Фикрлар