Ана холос: Легионерларимиз жамоасига бир миллиарддан кўпроқ пул берилди!
Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзолари – Шаҳбоз Умаров ва Бобур Абдухолиқов тўп тепаётган “Ордабаси” клубининг ғазнаси янада бойийдиган бўлди.
Чимкент жамоаси халқаро майдондаги мусобақаларда иштироки туфайли этиши қўшимча тарзда клубга бир миллиард 71 миллион тенге ажратилди. Бу ҳақда Baigenews.kz сайти хабар тарқатди.
Аслида Қозоғистонда клубларнинг йиллик умумий бюджети 1 миллиард 200 миллион тенга қилиб белгиланган. Клублар бюджетининг қисқартирилиши мамлакат президентининг кескин танқидидан кейин амалга оширилди.
Бироқ, Чимкент шаҳри спорт бошқармаси клубга қўшимча маблағ киритилганини Еврокубоклардаги фаолият билан изоҳлади.
Унга кўра, қўшимча ажратилган маблағ ҳисобидан жамоанинг сафар чиқимлари, халқаро учрашувлар ўтказиладиган стадионларни УЕФА талабларига мос ҳолатга келтириш, футболчилар ва мураббийларнинг маошларини тўлаш, автобуслар ва спорт базаларининг ижарасини ёпиш ва солиқларни адо этиш каби харажатлар қопланиши кўзда тутилган.
“Ордабаси” клуби ўтган мавсумда Қозоғистон Премьер-лигасида бешинчи ўринни эгаллади. Чимкентликлар мамлакат кубоги мусобақасида барча рақибларини енгиб, бош совринни қўлга киритди.
Таъкидлаш жоизки, жамоа сафида ўйнаган Шаҳбоз Умаров ҳам Қозоғистон кубоги соҳиби бўлди. Бунгача истеъдодли ҳужумкор футболчимиз Ўзбекистон ва Беларусь кубокларида муваффақият қозониб, бош совринга эга бўлганди.
Бу натижалар “Ордабаси”га УЕФАнинг учинчи мусобақаси – Конференциялар лигасида қатнашиш имкониятини берди. Халқаро мусобақанинг саралаш турнири иккинчи босқичида чимкентликлар Польшанинг энг қудратли клуби “Легия” билан куч синашади.
Рақобат икки баҳсдан иборат бўлади. Дастлабки учрашув 27 июль куни Чимкентда, жавоб ўйини 3 август куни Польшада ташкил қилинади.
“Ордабаси” ҳозир яхши формада. Чимкентликлар ўз мухлисларни хушнуд қилмоқда. Премьер-лигада 15 та учрашувдан кейин 38 очко жамғарган жамоа биринчи ўринга кўтарилиб олди. Чемпионлик пойгасида “Ордабаси”нинг асосий рақобатчиси битта кўп ўйин ўтказган ҳолда чимкентликлар билан бир хил очко тўплаган “Астана” ҳисобланади.
Шунингдек, “Ордабаси” кетма-кет иккинчи марта Қозоғистон кубоги финалига йўлланма олди. Жамоа ҳал қилувчи баҳсни 4 ноябрь куни “Тобол”га қарши ўтказади.
Ҳар икки легионеримиз жамоанинг етакчи ўйинчиларидан ҳисобланади. 24 ёшли ҳужумкор футболчимиз Шаҳбоз Умаров жорий мавсумда барча турнирларда 20 маротаба майдонга тушиб, тўртта гол ҳамда иккита ассист расмийлаштирди.
Қозоғистонда илк мавсумини ўтказаётган 26 ёшли ҳужумчимиз Бобур Абдухолиқов эса, 22 маротаба майдонга тушиб, рақиблар дарвозасини етти марта ишғол қилди ва жамоадошларига бир жуфт голли пас узатди.
Легионеримизнинг голи жамоасини биринчи ўринга олиб чиқди!
Тўпурар легионеримизга қимматбаҳо рақобатчи келди!
Легионеримизнинг голи финалга йўл очди! Олдинда финал!
Фикрлар