Ана холос: “Манчестер Сити” барча турнирлар, ҳатто Чемпионлар лигасидан четлатилиши мумкин
“Манчестер Сити” бир ярим йил муқаддам 115 та молиявий қоидабузарликларни содир этишда айбланган эди. Ҳозир бу иш кўриб чиқилмоқда.
Агар клубнинг айби исботланса, қўпол қоидабузарликлар содир этгани аниқланса, “Манчестер Сити” жиддий жазога тортилади.
Telegraph Sport нашрининг ёзишича, бу ҳолатда жамоа Англия Премьер-лигасидан четлатилиши эҳтимоли катта. Бундан ташқари, “шаҳарликлар”нинг бошқа мусобақалар – Англия кубоги, Лига кубоги, Европа Чемпионлар лигаси, клублар ўртасидаги жаҳон чемпионати каби турнирларда иштирок этишига ҳам рухсат берилмаслиги мумкин.
Манба бунга асос сифатида Англия кубоги регламентидаги 31-бандни келтирмоқда. Унда “Агар клуб мусобақаларга қўйилган бўлса, кейин лигадан четлатилса, Профессионал ўйин палатаси(PGB) клубни мусобақалардан четлатиши мумкин”, деб ёзилган.
Экспертларнинг таъкидлашича, Чемпионлар лигасининг қоидалари жуда мураккаб ва кўп нарса УЕФАнинг клубларни лицензиялаш тартибига боғлиқ бўлади. Англия клубларини лицензилаш билан Англия футбол ассоциацияси ва Англия Премьер-лигаси маъмурияти шуғулланади. Бу эса, мамлакат ҳудудида Чемпионлар лигасидан четлатиш ваколатини беради.
Фикрлар