"Андижон" - "Сўғдиёна": эски қадрдонлар тўқнашувида устунлик ким томонида?

Ўзбекистон Coca-Cola Кубогининг 2-туридаги жуфтликлар орасида қизиқарли ўтиши кутилаётган “Андижон” – “Сўғдиёна” беллашуви ҳам бор.

Ушбу клублар бир-бирини жуда яхши билишади. Боиси, элитада жуда кўп майдонда тўқнаш келишган эски қадрдонлар энди Кубок доирасида рўбаро келадилар.

Айни пайтда Жиззахнинг “Сўғдиёна” клубига Улуғбек Бақоев бош мураббийлик қилиб келмоқда. Ҳозирча унинг жамоаси турнир жадвалида 8 очко билан 4-поғонани эгаллаб турибди. Бу клуб Ўзбекистон Кубогининг дастлабки турида ўз уйида “Арал Самали”ни 1:0 ҳисобида таслим қилди.

“Андижон” эса илк турда сафарда “Янгиер” билан куч синашди ва 3:1 ҳисобидаги ғалаба билан қайтди. Голларга Шерзод Эсонов, Шаҳбоз Эркинов ҳамда Муҳаммадкарим Тоиров муаллифлик қилишганини эслатиб ўтмоқчимиз.

анд превью

Энди бевосита “Андижон” ҳамда “Сўғдиёна” клубларининг ўзаро ўйинлар статистикасига тўхталадиган бўлсак, шу кунга қадар 44 маротаба майдонда куч синашишган. “Андижон”нинг 16 та учрашувда қўли баланд келган бўлса, “Сўғдиёна” 17 бор ғалаба қозонган. 11 та беллашувда кучлар тенг келган. Тўплар нисбатида ҳам фақат битта фарқ бор холос. “Андижон” 62 та гол урган, жиззахликлар эса 63 та. Кўриб турганингиздек, деярли тенг имкониятга эга жамоалар дейишимиз мумкин. Бу сафар эса жамоалар ўзаро 45-маротаба майдонда баҳс олиб борадилар.

Охирги марта ушбу клублар ўтган йили Суперлигада учрашишган. Андижондаги беллашувда ҳисоб очилмаган, Жиззахда эса майдон эгалари 4:1 ҳисобида ғалаба қозонган. “Андижон” “Сўғдиёна”ни сўнгги бор 2016 йилги мавсумда мағлуб этган. Ўшанда 3:0 ҳисобида “Бургутлар” ғолиб чиққанди.

“Андижон” матбуот хизмати.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!