"Андижон" Анталияда Алибоевнинг собиқ клубига қарши. Яна бир рақиб эса Руминиядан!
Александр Хомяков бош мураббийлигидаги “Андижон”нинг 12 февраль кунига Анталиядаги сўнгги назорат учрашувлари белгиланган.
Олдиндан шуни маълум қилмоқчимизки, шу кунги рақиблардан бири Латвиянинг “Валмиера” жамоаси эди. Бироқ ўзгариш юз бериб, унинг ўрнига Жанубий Кореянинг “Канвон” клуби "Бургутлар" билан куч синашади. Яна бир баҳс эса олдиндан режалаштирилганидек, Руминиянинг “Корвинул Хундеора”сига қарши кечади. Клуб матбуот хизмати эса одатига кўра, рақиблар ҳақида таништиради.
Руминиянинг “Корвинул Хундеора” клуби Лига 2 чемпионатида иштирок этмоқда. Бу бизнинг про лигамиз каби. Ҳозирда бу клуб “Селимбар”дан сўнг мусобақа жадвалида 2-ўринда турибди. Яқинда “Андижон” айнан “Селимбар” билан ҳам ўйнаганини яхши биласиз. Бу сафар футболчилар ушбу жамоанинг энг яқин таъқибчисига қарши майдонга тушадилар. “Корвинул” мусобақа жадвалида пешқадамдан 1 очко кам жамғариб, 31 очко билан 2-ўринда бормоқда.
Бу клуб Анталия йиғини давомида “Униера Деж” билан 0:0 ўйнади ва сўнгра “Медзь”га қарши беллашувда 1:0 ҳисобида ғалаба қозонди.
“Корвинул Хундеора” клубининг асосий мақсади элитага йўл олиш. Ушбу жамоани маҳаллий мутахассис – Флорин Максим бошқариб бормоқда. Қизиғи, у илгари “Селимбар”га бош мураббийлик қилган. Яқинда 43 ёшга тўладиган Флорин Максим эндиликда “Корвинул”га устозлик қилиб келяпти.
Энди яна рақиб ҳақида тўхталадиган бўлсак, “Канвон” клуби Жанубий Кореянинг Кей-1 лигасида иштирок этади (бу худди Суперлигамиз каби). Ўтган мавсумда “Канвон” плей-офф орқали элитада жон сақлаб қолди.
Шунингдек, ўтган йили мазкур жамоа таркибида ҳамюртимиз Икром Алибоев тўп сурган. Ундан аввал эса Рустам Ашурматов ҳам фаолият олиб борганини қўшимча қилиш лозим. Айни пайтда “Канвон” худди “Андижон” сингари янги бошланажак футбол мавсумига тайёргарлик кўрмоқда.
“Канвон” Анталиядаги йиғини давомида қуйидаги рақиблар билан ўйнади: ЛКС – “Канвон” – 3:2. “Напредак” – “Канвон” – 0:0. “Динамо” (Москва) – “Канвон” – 2:2. “Побдескидзе” – “Канвон” – 0:1.
Клубга 51 ёшли мутахассис Жонг Хван Юн бош мураббийлик қилмоқда. Бунгача Япония ва Таиланд чемпионатларида ҳам иш олиб борган.
Дастлабки учрашув “Корвинул”га қарши бўлиб ўтади. Ўйин Анталия вақти билан 11:00 да бошланади. Бу Тошкент вақтига 13:00 га тўғри келади. Иккинчи баҳсдаги “Канвон” билан учрашув маҳаллий вақт билан 16:00 да старт олади. Тошкент вақти билан эса 18:00 да бошланади.
Фикрлар