"Андижон" бугун "Пахтакор" билан ўйиндаги сценарийни такрорлай оладими?
Бугун “Андижон” клуби Суперлиганинг 21-турида “Бобур арена”да “Сўғдиёна” жамоасини қабул қилади. Турнир жадвалида андижонликлар 16 очко билан 12-ўринда, жиззахликлар эса 38 очко билан 2-поғонада эканини яхши биласиз.
Ғалаба иккала клубга жуда муҳим. Масалан, мезбонлар Суперлигада жон сақлаб қолиш учун жон-жаҳди билан курашяпти ва бу йўлда уларга албатта ғалабалар ўта зарур. “Сўғдиёна” эса иккинчи ўринни ҳеч кимга бермаслик учун уларга ҳам очколар муҳим. Демак, бугун “Бобур арена”да қаттиқ жанг бўлади.
“Андижон” клуби “Пахтакор”ни ютиб ўзини ҳали ҳисобдан чиқаришга эрта эканини кўрсатиб қўйди ва ўтган турда Қўқонда аламли тарзда ғалабани қўлдан чиқариб бир очко билан қайтди. Умуман олганда, Виктор Кумиков жамоаси охирги пайтларда ўйин сифатини яхшилаб бормоқда.
“Сўғдиёна”га келсак, Улуғбек Бақоев жамоаси бу йил катта ўсишга эришиб, кумуш медал учун жуда яқин турибди. Охирги марта 15-турда “Турон” майдонида мағлубиятга учраганди. Ҳозирга қадар “Андижон” билан “Сўғдиёна” чемпионат тарихида 43 марта тўқнаш келган. Кичик устунлик жиззахликлар тарафида. “Андижон”да 16, “Сўғдиёна” 17 та ғалаба бор. 10 та учрашувда эса дуранг кузатилган. Тўплар нисбати ҳам деярли тенг. Мезбонлар 62 та, меҳмонлар эса 63 та гол урган.
“Андижон” “Сўғдиёна” устидан охирги бор 2016 йили ғалаба қозонган. Ўшанда Андижондаги учрашувда мезбонлар 3:0 ҳисобида муваффақият қозонган. Жамоаларнинг ўзаро 44-ўйинида омад кимга кулиб боқаркин?
Ўтган сафар "Пахтакор" Андижонга 1-ўрин эгаси сифатида келди ва ютқазиб кетди. Энди эса "Сўғдиёна" бу ерга 2-ўрин учун курашаётган жамоа сифатида келмоқда. Хўш, "Андижон"нинг яна "Пахтакор" билан ўйин сценарийсини такрорлашига ишонасизми?
Фикрлар