"Андижон" фан-клуб раиси: "Олимпиадада мухлислик қилиш бўйича нималарга қодирлигимизни бутун дунёга кўрсатамиз"

Барчамиз интиқлик билан кутаётган Париж Олимпиадаси ҳам тез орада бошланади. Бутун дунё нигоҳини ўзига қаратадиган ушбу энг нуфули мусобақада ўзбекистонлик спортчилар ҳам иштирок этадилар. Айниқса, бу сафар илк бор футбол бўйича Ўзбекистон олимпия терма жамоамизнинг Олимпиадада иштирок этиши тарихий воқеликдир.

Кападзе жамоаси “С” гуруҳида Испания, Мирс ва Доминикан терма жамоаларига қарши беллашади. Вакилларимизнинг илк учрашуви эса 24 июль санасида испанларга қарши бўлиб ўтади.

Эътиборлиси, терма жамоамизни Олимпиадада муносиб қўллаб-қувватлаш, спортчиларимизга руҳий далда бўлиш мақсадида кўплаб мухлислар Париж томон йўлга отландилар. Айниқса, “Андижон” фан-клубидан 200 нафар ишқибоз фан-клуб раиси Нодирбек Тўйчиев бошчилигида Олимпиадада вакилларимизни олқишлайдилар.

Дарҳақиқат, “Андижон” фан-клуби ўтган вақт давомида юртимизда ишқибозлик даражасини янги босқичга олиб чиқа олди. Эндиликда бизнинг фан-клуб Олимпиадада ҳам терма жамоамизни супер даражада қўллаб-қувватлашига шубҳа йўқ. Бу албатта футболчиларимизга қўшимча куч бағишлайди. Сафар олдидан эса фан-клуб раиси Нодирбек Тўйчиевга бир қатор саволлар билан юзландик.

- Нодир ака, сиз футбол орқали ҳаётингизда кўплаб мамлакатларда бўлдингиз, терма жамоаларимизни қўллаб-қувватладингиз. Аммо сиз ҳам терма жамоамиз каби илк бор Олимпиада ўйинларида қатнашасиз, мухлис сифатида ва бу ҳол сиз учун ҳам ўзига яраша тарихий воқеликдир. Айтинг-чи, бундай катта мусобақа олдидан нималарни айта оласиз, биз учун!

- Ассалому алайкум. Аввало, интервьюга таклиф қилганингиз учун раҳмат. Тўғри, биз жуда кўп мамлакатларда бўлдик. Футболни жон дилимиздан яхши кўрамиз. Осиё ўйинларида ҳам кўп бўлганмиз. Футбол ўзгача, бежизга миллионлар ўйини деб айтилмайди. Ҳамма вақт жамоаларимизни қўллаб-қувватлашдан чарчамаймиз. Олимпиада – бу дунё бўйича энг катта мусобақа. Ризқимиз бор экан, муҳтарам Президентимиз томонидан барча шароитлар яратиб берилаётгани учун катта раҳмат айтамиз. Бизга ишонч билдирилган экан, ҳеч кимнинг юзини ерга қаратмаймиз. Биз ўзбекмиз, ўзбекистонликмиз. Шу боис терма жамоамизни Олимпиада мусобақасида янада кучли ва катта иштиёқ билан қўллаб-қувватлаймиз. Худо хоҳласа, Ўзбекистон биринчи рақамли.

- Умуман олганда, Олимпиадага терма жамоамизни қўллаш учун Андижондан 200 дан зиёд футбол мухлислари сафарга йўл олмоқда. Кетиш режаси ва ташкилий ишлар қандай йўлга қўйилди? Шулар хусусида ҳам тўхталиб ўтсангиз.

- Олимпиадага Андижондан 200 га яқин мухлислар жалб қилинган. “Андижон” жамоамизнинг ўйинларида мухлисларимиз юқори даражада қўллаб-қувватлаганлари учун раҳбарларимизни назарига тушган ва кўнглига ёққан эканмиз бизга ишонч билдиришди. Худо хоҳласа, ҳаммаси зўр бўлади. Олимпиадада терма жамоамизни энг юқори даражада қўллаб-қувватлаймиз. Биз ўзбек фарзандимиз. Бундай катта мусобақада терма жамоамиз ҳам, биз мухлислар ҳам нималарга қодирлигимизни кўрсатамиз. Парижга йўл олишимизда шунингдек, Андижон вилояти футбол ассоциацияси, спорт бошқармаси ташкилий томонлама катта ёрдам кўрсатяпти.

- Ҳеч кимга сир эмаски, сизнинг бошчилигингиздаги Андижон фан-клуби ва унинг мухлислик қилиш даражаси фонида бир қатор лойиҳаларингиз трендга айланиб кетди. Парижда ҳам терма жамоамизни олқишлаш бўйича қандай янгиликлар тайёрлаяпсизлар?

- “Андижон” фан-клуби мисолида биз мухлислик даражасини юқори нотага олиб чиқяпмиз. Андижонлик ишқибозларни ҳеч ким тўхтата олмайди ва биз ўз ишимизни сидқидилдан бажаришда давом этамиз. Мана, “Андижон” клубида ҳам барча – футболчилар, раҳбарлар ва мухлислар ўз ишини қилишяпти. Аслида ҳам шундай бўлиши керак. Мухлис дегани ҳамма нарсага бурун суқмаслиги керак. Биз ишқибозмизми, демак, ўз ишимизни аъло даражада бажаришимиз лозим. Олимпиадада нафақат футболчиларимизни, балки бошқа спортчиларимизни ҳам қўллаб-қувватлаб, уларга катта далда бўламиз. Европа чемпионатини кўрдик, унда ишқибозлар янгиликлар яратдилар. Бизни ҳам Олимпиадада ўзгача режаларимиз ва янгиликларимиз бор. Парижга борганда барчамиз жипслашиб, мухлислик қилиш бўйича янада трендга олиб чиқамиз. Ўзбекистонлик мухлисларга анча-мунчаси қойил қоладиган ишларни қиламиз.

- Сизнинг "Андижонликлар келди", деган ҳайқирингиз ва ўзига хос услубингиз машҳурликка айланиб кетди. Кўп тадбирларда ва шоуларда ушбу иборадан фойдаланишяпти. Бунинг яралиш тарихи қандай бўлди?

- “Андижонликлар келди” – бу борада албатта доим биз мухлислар бир-биримиз билан маслаҳатлашамиз. Бу ғоя миямизга келиб қолганда барчамиз баралла “андижонликлар келди”, дея бақир-чақир қилишга тушдик ва шу билан оммалашиб кетди. Турли кўрсатувларда, шоуларда ҳам “андижонликлар келди”, ибораси трендга айланиб кетди. Бундан ҳам зўр режаларимиз бор. Францияда ҳам шубҳасиз мухлислик қилиш бўйича нималарга қодирлигимизни кўрсатамиз.

- Олимпия терма жамоамиздан қандай натижа кутяпсиз?

- Олимпия терма жамоамиздан катта натижа кутяпмиз. Бутун Ўзбекистон Кападзе жамоасига ишоняпти. Жамоавий ўйин бўйича ҳам, индивидуал бўйича ҳам бизникилар кучли. Испания тўсиғидан эсон-омон ўтиб олиб, кейинги учрашувларда ҳам ижобий натижалар кўрсатиб, финалгача боришга умид қиляпмиз. Терма жамоамизга ишонамиз. Таслим бўлиш йўқ.

- Маълумки, 3 август куни "Андижон" клуби иккинчи давранинг илк турини "Бобур Арена"да ОКМКга қарши бошлайди. Демак, ушбу ўйин сизларсиз ўтадими?

- Ҳа, 3 август куни севимли “Андижон” жамоамиз “Бобур арена”да ОКМКни қабул қилади. Терма жамоамиз гуруҳ босқичидан чиқса ва биз яна қолиб қўллаб-қувватлашда давом этишга тайёрмиз. Албатта, Андижонда фан-клуб аъзоларимиздан қолганлари ҳам бор. Уларга ишонамиз. Бизнинг йўқлигимизни билинтирмайдилар ва “Бобур арена”да “Андижон”ни ажойиб муҳитда олқишлайдилар.

- Мухлислик қилиш даражасини янги босқичга олиб чиқяпсиз. Олимпиада мусобақаси эса бу борада сиз учун яна бир катта имконият. Шундай экан, ўзингизни қандай ҳис қиляпсиз?

- Ўзингиз яхши биласиз, бизни мухлислик қилиш даражамиз жуда юқори. Олимпиадада бундан ҳам бошқача бўлади. Орқага йўл йўқ. Бизга шунчалик ишонч билдиришгани учун шунга яраша муҳитни супер даражага олиб чиқамиз.

Шуҳратбек Жўраев.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
Абдухаликов Мухаммад
23/07/2024 15:42
Офарин Андижонликлар келди жамоаси олга Узбекистон