"Андижон" футболчилари "Сўғдиёна" билан "Турон"ни мағлуб этса, қанча миқдорда мукофот пули олишини биласизми?
“Андижон” клуби бугун Ўзбекистон Кубоги доирасида Суперлига вакили – “Сўғдиёна”га қарши ўйин учун тайёргарликни бошлади.
Кечки машғулотдан кейин эса жамоа қароргоҳида ифторлик дастурхони ёзилди. Унда бевосита клуб раҳбари Журъатбек Қувватов ҳам иштирок этди. Жамоа аъзолари билан учрашув чоғида клуб раҳбари, аввало, “Янгиер” майдонида қўлга киритилган ғалаба билан табриклади. Шу билан бирга, кейинги ўйинларда ҳам футболчилардан янада қатъият ва катта иштиёқ билан ғалаба учун курашишларини сўради. Бунинг учун ўйинчиларни доимо молиявий томондан қўллаб-қувватлашини ҳам билдирди.
Журъатбек Қувватов олдинда турган муҳим ўйинлар учун бериладиган мукофот пуллари миқдорини ҳам очиқ эълон қилди. Унга кўра, “Сўғдиёна” жамоасига қарши ўйинда ғалаба қўлга киритиладиган бўлса, футболчилар учун 15 миллион сўм мукофот пулини ваъда қилди. Шунингдек, 29 апрель куни про лига доирасида сафарда “Турон” билан бўлиб ўтадиган беллашувда эса ғалаба учун 20 миллион сўм миқдорида мукофот пули билан рағбатлантирилиши маълум қилинди.
Бундан ташқари, ойлик маошлар бўйича айрим тўпланиб қолган қарздорликлар ҳам режа асосида бартараф этилишини алоҳида таъкидлаб ўтди. Бир сўз билан айтганда, жамоа аъзоларининг иш ҳақи умуман қолиб кетмаслиги, бундан мутлақо ҳавотирга тушмаслиги таъкидланди. Бор куч ва маҳоратларини ғалаба учун сарфлашларини айтган ҳолда мураббий ва футболчиларга тўлиқ ишонишини ҳам қўшимча қилиб ўтди.
"Андижон" матбуот хизмати.
Фикрлар