"Андижон" футболчиси 16 ёшида Осиё чемпиони бўлгани, кейин футзалга ўтгани, катта футболга қайтишига нима сабаб бўлганини биласизми?

“Андижон”нинг иқтидорли ярим ҳимоячиси Илҳом Абдуғаниев аллақачон мухлисларининг меҳрини қозона олган. Биласизми, у орада футзалда ҳам ўйнаган ва яна катта футболга қайтган. У билан қизиқарли суҳбатни ҳавола қиламиз.

- Илҳом, футболга кириб келишингиз қандай юз берган?

- Футболга 5-синфдан қадам босганман. Ўшанда футбол лицей-интернати бўларди. Нозим ака Муллаохунов ва Шуҳрат ака Бойматов биринчи мураббийларим бўлган. Тошкентга мусобақаларда иштирок этиш учун келганимизда ёшлар терма жамоаси мураббийи Дилшод ака Нуралиев мени “Пахтакор”га чақирган. Ўзи ҳам “Пахтакор”да ишларди. 14 ёшимдан “Пахтакор” академиясида ўқишни бошлаганман. 16 ёшимда ўсмирлар ўртасидаги Осиё чемпионатида Осиё чемпиони бўлганмиз. 17 ёшимда жиддий жароҳат туфайли футболда узоқ муддат ўйнай олмаганман. 2020 йилда “Нефтчи” сафида футзал жамоасида тўп сурганман. 2021 йилда эса менга “Андижон” клубидан таклиф бўлган. Натижада яна катта футболга қайтиб, про лигада ўйнашни бошлаганман. Мана, уч йилдан бери “Андижон” билан биргаман.

- Футзалдан катта футболга қайтишингизда қийналмаганмисиз?

- Оғир жароҳатдан кейин мини-футбол майдонларида ўйнаб турганим учун мослашиш қийин бўлмаган. Лекин кичкина майдондан катта майдонга ўтишим ва мослашишим осон бўлмаган. Худога шукр, ҳозир ҳаммаси яхши, спорт формамни тиклашга ҳаракат қиляпман.

- Футзалга ўтишингиз сабаблари нима билан боғлиқ эди?

- Жароҳат боис шифокорлар томонидан профессионал футболга рухсат бўлмаган. 5-6 йиллик танаффусдан кейин футзалда шифокорлар кўригидан муваффақиятли ўтганман ва ўйнашни бошлаганман.

- Футзални сизга кўпроқ нимаси ёққан?

- Кўпроқ тўп билан муомала. Футзалда техник футбол ўйналади. Шу жиҳатлари билан менга ёққан.

- Ўша пайтларда яна катта футболга қайтиш ҳақида ўйлаганмисиз?

- Тўғриси, барибир ҳар қандай инсонни юрагида яна катта футболга қайтиш истаги бўлади. Акамга қачондир катта футболга қайтиб ўйнайман, юрагим сезяпти, деб айтиб юрардим. Мана, Худога шукр, истагим амалга ошди.

- Айтинг-чи, катта футболга қайтишингизда кимлар туртки бўлган?

- Катта футболга қайтишимда Жаҳонгир ака Нуриддиновни катта ҳиссаси бор. Футзалда ўйнаб юрганимда мени “Андижон” клубига таклиф қилган. Ўзингизни кўрсатинг, маъқул келсангиз оламиз деб менга биринчи қўл узатганлар Жаҳонгир ака билан Азиз ака. Уларга катта раҳмат айтаман. Про лигага келган пайтимда тўғриси қийналганман. Нимагаки, бирданига футзалдан катта футболга ўтиб ўйнаш осон эмасди. Мослашиш қийин кечган. Ўша пайтда бош мураббий Виктор Кумиков эди. У хорижлик ва сиз бир неча йил футбол ўйнамаганингиз унга қизиқ эмасди. Чунки унга натижа керак эди. Шу боис кўп захирада қолиб кетардим. Орада мураббий билан бироз жанжаллашиб қолган пайтимиз ҳам бўлган. Кейин ярим мавсум “Андижон-SGS”да ижарада ўйнадим. Сўнгра Александр Хомяков келди ва менга катта ёрдам қилди. Бунинг учун бу мураббийдан миннатдорман. Менга имконият берди. Тўғри, хатоларимиз бўларди. Шунга қарамай, Александр Андреевич ҳаммада хато бўлади, деб бизни қўллаб-қувватлаган.

- Футзалдаги энг ноқулай жиҳат нимада эди?

- Ҳимояланиш. Футзалда тўпсиз ҳимояланиш жуда қийин.

- Футзални ҳамон қумсаб турасизми?

- Олдиндан катта футбол ўйнаганим учун барибир шу мен учун жуда муҳим. Футзални катта футболга рухсат бўлмаганлиги сабабли ўйнаганман. Барибир мен катта футболни танлайман.

- “Андижон”нинг биринчи даврадаги иштироки борасида нима дея оласиз?

- Тўғри, 5-ўринда якунладик. Бироқ ундан ҳам юқорида тугатишимиз мумкин эди. Негаки, ўз қўлимиздаги кўп очколарни бой бердик. Ютадиган учрашувларимизда дуранглар ўйнаб қўйдик. Жамоа янада юқори ўринга чиқишга тайёр эди. Яхши ўйин кўрсатгандик. Кўпроқ гол урганимиз статистикада кўриниб турибди. Тўғри, бироз кўп гол ўтказиб ҳам юбордик.

- Биринчи даврадаги ёқимли ва ёқимсиз ўйинлар қайси?

- Ёқимлиси албатта биринчи давра охиридаги “Навбаҳор”га қарши баҳсда 3:0 га ютганимиз бўлди. Менимча, ҳаммага шу ўйин ёқимли бўлса керак. Ёқимсиз ўйинлар бўлди. Биринчиси Фарғонада “Нефтчи”га қарши ўйин эди. 2:0 ҳисобида рақибни ютаётгандик. 10 дақиқа қолганида иккита тўп ўтказиб юбордик. Кейин сафарда “Қизилқум”га учрашув жуда асабий ўтди. Ўша ўйинда биздан 4 та қизил карточка бўлди.

- Сафарда жамоа ҳали ютқазмади. Меҳмондаги мағлубиятсиз сериялар ҳақида нима дея оласиз?

- Менимча, ҳаммада уйда ўйнаса барибир катта босим бўлади. Негаки, мухлислар, ота-она, яқинлар...Тўғри, ўз уйимизда ютишга ҳаракат қиляпмиз. Лекин мағлубиятсиз сериямизни меҳмондаги учрашувларда давом эттиряпмиз. Бунга жамоа тайёр. Жисмоний ҳолатимиз ҳам тайёр. Футболчилар жуда аҳил. Ўйиндан олдин жамоамиз сардори Илдар ака вазиятни тушунтиради ва бизни руҳлантиради. Сафарда ҳам, уйда ҳам фақат ғалаба учун майдонга тушамиз. Меҳмонда эркинроқ ўйнаймиз. Уйда 18 минг мухлис кирганида барибир уларни босими бўлади. Уларни олдида нафақат ютқазиш, балки дуранг ўйнаш ҳам ёқимсиз. Бундай фанатлар олдида дуранг ўйнагингиз келмайди, ғалаба учун борингизни берасиз. Мана, “Пахтакор”ни қабул қилган ўйинимизда роса ҳужумлар қилдик, аммо икки марта қарши ҳужумни ўтказиб юбордик.

- Ҳозирда “Андижон” билан иккинчи даврага тайёргарлик кўряпсиз. Ёзги йиғин қандай ўтяпти?

- Менимча, ҳамма жамоа ҳам бундай пайтда жисмоний ҳолатига ва ўйиндаги камчиликларига кўпроқ эътибор беради. Бизда ҳам шунақа. Кунига бир ва икки маҳалдан шуғулланяпмиз. Кўпроқ жисмоний кучга эътибор қаратилмоқда. Ўйиндаги тактик камчиликлар устида ҳам ишлаяпмиз. Янги футболчиларни мослашиш жараёни ҳам бўляпти.

- Ўзбекистон Кубоги чорак финалида жамоа “Қизилқум”га қарши ўйнайди. Ушбу қуръа ҳақида фикрингиз?

- Қуръадан олдин каналингларда қайси жамоа чорак финалда бизга рақиб бўлади, деган сўровнома қўйдинглар. Мен “Қизилқум”ни босгандим. Нимагаки, шу клуб бизга рақиб бўлишини кутгандим. Рости, яна шу жамоа билан ўйнашни хоҳлагандим. Иккала клуб тенг кучга эга ва имкониятлар бир хил. Яхши ўйин бўлади, деб ўйлайман.

- “Андижон”нинг бу йил 60 йиллик юбилейи. Шу юбилей муносабати билан жамоа қандай ютуқларни кўзламоқда?

- Кубокда ҳам натижаларимиз ёмон эмас. “Андижон”нинг 60 йиллик юбилейига ҳам Кубокда, ҳам чемпионатда катта совға қилсак бўлади. Суперлигада ҳам ҳали имкониятимиз бор. Кўп нарса ҳаммани ўз қўлида. Бизни ҳам имкониятимиз ўз қўлимизда. Юқори ўринлардаги клублар биздан у қадар юқорилаб кетмаган. Худо хоҳласа, охиригача курашамиз. Бу йил Андижон халқини хурсанд қиламиз, деган умиддаман.

- Қайси бири муҳим: гол уришми ёки ассистми?

- Ҳамма футболчи учун барибир гол муҳим. Ўзимга ҳам гол уриш ёқади. Лекин ўйнайдиган позициямдан келиб чиқиб айтадиган бўлсам, пас узатиш ҳам ёмон эмас. Ҳужумчига тўп етказиб берадиган зонада ўйнаймиз. Шу боис биз учун гол уриш ҳам, голли пас узатиш ҳам бирдек ёқимли.

- Нима учун 10-рақамни танлагансиз ёки кимгадир тақлид қиласизми?

- Ёшлигимда Фрэнк Лэмпардни ўйинларини ёқтирганим учун 8-рақамда ўйнардим. Ўсмирлар терма жамоасида ҳам шу рақам остида тўп сурганман. 10-рақамга келсак, бу ҳам чиройли ва ўзимга ёқади. Бу рақамда жамоани етаклайдиган футболчилар тўп суришган. Атайлаб кимгадир ўхшашни истаганим, кумирим борлиги учун бу рақамни танламаганман. Шунчаки 10 менга ёқади.

- Жамоанинг ашаддий ишқибозларига нима деган бўлардингиз?

- Авваламбор, мухлисларимизга катта раҳмат айтаман. Уйда ёки сафарда бўлса ҳам улар бизни ёлғизлатиб қўйишмайди. Бу йил ишқибозларимизни хурсанд қиламиз. Худо хоҳласа, бизда Ўзбекистон Кубоги ва чемпионатда ютиш имкониятимиз бор.

Шуҳратбек Жўраев.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
Davlatbek Alibekov
20/07/2024 19:29
Ишлариз илгари бу'лсин жамоангиз доимо галабага эришсин