"Андижон" легионерининг янги мавсум учун режаси, про лигадаги дебюти ва таклифлар хусусидаги фикри қандай?
Суперлига йўлланмасини қўлга киритган “Андижон” клуби энди бор эътиборини янги мавсумга қаратгани ҳеч кимга сир эмас.
Албатта, жамоанинг про лигада муваффақиятли иштирок этишида жамоадаги футболчиларнинг ўрни беқиёс бўлганини айни ҳақиқат. Бу масалада гап кетганда легионер ўйинчиларнинг хизматини унутмаслик лозим.
Сербиялик легионер ҳимоячи Владимир Бубанья ҳам мухлислар меҳрини қозонган футболчилардан бири бўлди. У 25 та учрашувда рақиблар дарвозасига 3 та гол урди. Унинг ҳам ҳимоядаги ишончли ўйинлари жамоанинг Суперлигага қайтишида муҳим омиллардан бири бўлди.
“Машъал”, “Турон” ва “Шўртан”га қарши Андижондаги баҳсларда Бубанья голлари билан жамоасининг ғалабалари учун катта ҳисса қўшди. Сербиялик легионерга ортда қолган мавсум борасидаги айрим саволлар билан мурожаат қилдик.
- Владимир, “Андижон” клубида ўтказган дебют мавсумингиздан ҳар томонлама қониққан бўлсангиз керак-а?
- Ҳа, ўйлайманки, биринчи мавсум биз учун аъло даражада ўтди.
- Бунгача Суперлига фаолият олиб боргансиз. Илк бор про лигада тўп сурдингиз. Айтинг-чи, унинг даражаси қандай?
- Албатта, бунгача мен Суперлигада ўйнаганман. Про лигада ниҳоясига етган мавсум ҳам анча кўтаринки руҳда ўтди. Айниқса, “Андижон”, “Бухоро” ва “Турон” клубларининг мавсумни зўр ўтказиб Суперлигага чиқишгани ҳам фикримга исбот бўла олади.
- Сиз учун эсда қоладиган учрашувлар қайсилари бўлди?
- Ўйиннинг охирги дақиқаларида икки-уч бор биз голлар киритиб, ўзига хос натижа кўрсата олганимизни айтишим мумкин.
- Сиз одатда ўйнаган жамоаларингизда 15-рақам остида тўп сурасиз. Бунинг сабабини айта оласизми?
- 15 – бу менинг омадли рақамимдир.
- “Андижон” билан вазифани муваффақиятли бажара олдинглар. Осон бўлмаган мавсумдан сўнг хордиқни қаерда чиқаряпсиз?
- Энг асосийси, биз ўз олдимизга қўйилган вазифани бажара олдик. Ҳозирда оилам даврасида уйимда хордиқ чиқаряпман.
- Келаси йил учун режаларингиз қандай? Яна “Андижон”даги фаолиятингизни давом эттирасизми?
- Мавсум яхши ўтди. Ҳозирда менинг хизматимга қизиқиш билдирган 2-3 та жамоадан қўлимда таклифлар бор. Агар ҳаммаси кўнгилдагидек давом этса, “Андижон”да қолиб ўйнайвераман.
Шуҳратбек Жўраев.
Фикрлар