"Андижон" тўпурари энди "Металлург" учун ўйнайди

«Андижон»нинг ўтган йили кашфиётига айланган 22 ёшли ҳужумчиси Шаҳзод Убайдуллаев жамоанинг энг яхши ўйинчиси бўлганди. У дебют мавсумида рақиблар дарвозасига 9 та гол урганди ва битта голли пасни ҳам амалга оширганди.

Умуман, у «Андижон» таркибида энг кўп майдонга тушган футболчига ҳам айланганди. Суперлигада Убайдуллаев 24 та учрашувда иштирок этганди. Мухлислар эса унинг «Андижон»да қолишини исташаётгани ҳақида эшитгандик. Бироқ воқеалар ривожи бундай тус олгани йўқ.

У аслида «Машъал» клубига тегишли ҳисобланади. «Металлург» эса Убайдуллаев масаласида муборакликлар билан келишувга эришгани сабабли Шаҳзод янги мавсумни энди бекободликлар сафида ўтказадиган бўлди ва бу борада ҳужумчи клуб билан шартнома ҳам имзолашга улгурди. Убайдуллаев «Андижон»ни тарк этиш чоғида ўз фикрларини билдириб ўтди.

- «Андижон»да мухлисларнинг менга далда беришгани ҳам у ерда ўйнаб кетишим бир мунча осон бўлганини айта оламан, - деб гап бошлади ҳужумчи. - Қолаверса, у ерда ҳам мухлислар футболни жуда яхши кўришади. Умуман олганда, водийда футбол ҳавоси ҳукм суради. Гарчи ўтган йили Суперлигада илк бор ўйнаган бўлишимга қарамай, жамоага мослашиб кетишим осон кечди. Мени клубда қўллаб-қувватлаган барча жамоадошларимга миннатдорчилик билдираман. Шу ўринда бош мураббий Александр Хомяковга менга ишонч билдиргани учун ҳам раҳмат айтаман.

- Сизнинг олдингизда бир қатор вариантлар бор эди ва уларнинг орасида «Металлург»ни танладингиз. Бунга нима сабаб бўлди?

- Аслида мен «Машъал» клубига тегишлиман ва улар билан шартномам бор эди. «Металлург» эса муборакликлар билан келиша олди. Бекободда ҳам футболга доим катта эътибор қаратишади. Клубдаги барча инсонлар ҳам футбол ўйнашган ва бу спорт турини яхши тушунишади. Аслида ҳар бир футболчи «Пахтакор», «Локомотив», «Бунёдкор» каби етакчи жамоалар сафида ўйнашни хоҳлашади. «Металлург»да ўзимни кўрсата олсам, етакчи жамоаларга ўтишим осонроқ бўлади деб ўйлайман. Шунинг учун ҳам «Металлург»ни танладим.

- Тўғри, шартномангиз «Машъал»га тегишли эди. Бунинг устига муборакликлар Суперлигага қайтишгач, сизни яна «Машъал»га қайтишингизни кутгандик…

- «Машъал»нинг академиясидан доим иқтидорли ўйинчилар етишиб чиқмоқда. Улар ҳамиша футболчиларни тайёрлашади. Мелиев, Шамсиддинов ва яна бошқа иқтидорларни Суперлига учун тайёрлашди. Шунинг учун клуб менинг бошқа клубга кетишимга рухсат берди деб ўйлайман. «Машъал»да доим ўйинчилар етарли бўлган, ҳеч қачон кимнидир ўрни бўш қолиб кетмайди. Айниқса, селекция ишлари яхши йўлга қўйилган.

- Шунингдек, сизнинг «Андижон»да ўз ўрнингизга эга бўлишингизда Александр Хомяковнинг ҳам ҳиссаси катта бўлганди…

- Александр Андреевич доим менинг юқори савияда ўйнаб кетишимнинг тарафдори. Яхши клубларда ўйнасам мураббий ҳам хурсанд бўлади. Мен клубдан кетганимда у ҳали Россиядан қайтмаганди. Албатта, у билан ҳам гаплашиб оламан.

- «Металлург»да ҳам тўпурарлик салоҳиятингизни намойиш этишингизни кутишаётгани ҳеч кимга сир эмас. Хўш, ўз олдингизга қандай мақсад қўйдингиз?

- Албатта, «Металлург»да ҳам ўзимни кўрсатишни жуда истайман. Янги мавсумда эса 10 тадан кўпроқ гол уришга ҳаракат қиламан. Жамоа тўпурари бўлишни истайман ва терма жамоаларда ўйнашни хоҳлайман. Олимпия терма жамоамиз Олимпиада мусобақасига йўлланмани қўлга киритадиган бўлса, мен ҳам нуфузли мусобақада терма жамоамиз шарафини ҳимоя қилиш учун астойдил ҳаракат қиламан.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!