Мен тайёрман! Шомуродовнинг устози омадсиз терма жамоани бошқармоқчи
Италиялик тажрибали мураббий Клаудио Раньери Италия миллий терма жамоасини бошқаришга тайёр эканини маълум қилди. Бу ҳақда Sky Sports нашри хабар берди.
Раньери аввалроқ Италия термасидан тушган таклифни рад этганини эслади. Унинг айтишича, ўша пайтда “Рома” клубида ишлагани учун бир вақтнинг ўзида икки вазифани бажара олмасди.
- Мен аввал Италия терма жамоасини бошқариш таклифига “йўқ” дегандим, чунки “Рома”да ишлардим ва икки лавозимни бир вақтда эгаллаш имкони йўқ эди. Ҳозир эса эркинман, шунинг учун таклиф бўлса, нега рози бўлмаслигим керак? Мамлакатинг чақирса, “ҳа” дейсан-да, - деди Раньери.
Маълумот учун, 74 ёшли мутахассис апрель ойи охирида “Рома” раҳбарияти маслаҳатчиси лавозимини тарк этган. Бунга бош мураббий Жан Пьеро Гасперини билан келиша олмай қолгани сабаб бўлгани айтилганди.
Жаҳон футболида ўзига хос услубига эга Клаудио Раньери фаолияти давомида “Рома”, “Кальяри”, “Уотфорд”, “Сампдория”, “Челси”, “Атлетико”, “Фиорентина”, “Наполи”, “Фулхэм”, “Нант”, “Лестер”, “Монако”, “Интер”, “Ювентус”, “Парма”, “Валенсия” ҳамда Греция терма жамоасини бошқарган.
Ўзбекистон миллий терма жамоаси сардори ва энг зўр тўпурари Элдор Шомуродов Италиядаги фаолияти давомида Клуадио Раньери қўл остида “Кальяри” ва “Рома” жамоаларида тўп сурган. Айнан Раньери билан ишлаган жамоаларда Элдор энг асосий ўйинчи мақомига кўтарила олган.
Эслатиб ўтамиз, Италия миллий терма жамоаси 2026 йилги Жаҳон чемпионатига чиқа олмаган эди. Жамоа плей-оффда Босния ва Герцеговинага қарши баҳсда мағлуб бўлгач, бош мураббий Женнаро Гаттузо истеъфога чиқарилган.
Жаҳон чемпиони бўла олган кам сонли терма жамоалардан бўлишига қарамай, Италия қаторасига иккинчи маротаба мундиалдан четда қолмоқда.

Фикрлар