"Андижон" учун аламли, ОКМК учун ёқимли якун ёхуд "Бобур арена"даги ўйин ҳақида

Суперлигада 2-даврага старт берилди. 3 август оқшомида “Андижон” клуби Миржалол Қосимов бошчилигидаги ОКМКни қабул қилди. Ўйин кутилганидек анча шиддатли ва ҳужумкор руҳда ўтди. Учрашув олдидан иккала жамоада биттадан йўқотиш мавжуд эди. “Андижон”да Абдулвоҳид Ғуломов, ОКМКда эса Ойбек Рустамов дисквалификация боис мазкур учрашувни ўтказиб юбордилар.

Жамоалар ўйинни эҳтиёткорлик билан бошладилар. Лекин “Андижон” фаолроқ ҳаракат қилган ҳолда беллашувда ҳисобни очишга эришди. Илҳом Абдуғаниев жарима майдони ичида ажойиб зарбаси билан гол урди. Орадан кўп ўтмасдан Фарҳод Соҳибжоновни жарима майдони ичида ОКМК сардори Сардор Раҳмонов тўхтатиб қолди ва ҳакам пенальти белгилади. Леван Арвеладзе нутқада адашмади. Айни шу дақиқаларда олмалиқликлар саросимага тушиб қолгандилар. 2:0 дан кейин яна “Андижон” хавфли ҳужум уюштирди. Аммо Бектемир Абдуманноновнинг узатмасидан сўнг Фарҳод Соҳибжоновнинг зарбасига бироз аниқлик етишмади. Шундан сўнг ОКМК қарши ҳужумга ўтди ва Клейди Датси тезкор жавоб қайтарди.

Иккинчи бўлим янада шиддатли ўтиши аниқ эди ва шундай ҳам бўлди. Меҳмонлар ўйинда бурилиш қила олдилар. Натижада нафақат ҳисобни тенглаштиришди, балки ғалаба келтирувчи учинчи голни ҳам киритдилар. Бу жуда аламли эди. Албатта, “Андижон” футболчилари ҳам вазиятни тўғрилаш учун кескин ҳужумлар уюштиришди. Бироқ биринчи бўлимда урилган иккита голдан кейин “Бургутлар” бошқа гол ура олмадилар.

Ҳа, футболда мана шундай ҳолатлар ҳам бўлиб туради. Ғалаба билан мағлубият эса доим ёнма-ён юради. Аммо Александр Хомяков жамоаси астойдил курашди. Бироқ омад ОКМКга кулиб боқди. Бу мағлубиятдан жамоамиз тўғри хулоса чиқаришига ишонамиз. Олдинда эса “Андижон”ни 7 август куни Қаршида “Қизилқум” билан бўладиган Ўзбекистон Кубоги чорак финал баҳси кутмоқда. Энди барча эътибор бўлажак ўйинга қаратилади.

“Андижон” – ОКМК – 2:3 (2:1).

3 август. Андижон. “Бобур арена” стадиони. 13520 томошабин.

Ҳакамлар: Рустам Лутфуллин, Александр Сидоров, Бахтиёрхўжа Шавкатов

Захира ҳаками: Алишер Абдувоҳидов

ВАР: Иброҳим Исмоилов

АВАР: Шохруҳ Аъзамов

Назоратчи: Маъмур Саидқосимов

Комиссар: Жаҳонгир Раҳматуллаев

“Андижон”: Элдор Адҳамов, Илдар Маматказин, Владимир Бубанья, Абдураҳмон Комилов, Сардор Азимов, Леван Арвеладзе (Муҳаммадкарим Тоиров, 60), Илҳом Абдуғаниев (Абинур Нуримбет, 88), Фарҳод Бекмуратов (Дамир Темиров, 81), Бектемир Абдуманнонов (Шахром Самиев, 81), Фарҳод Соҳибжонов (Вагиз Галиулин, 88), Рустам Турдимуродов.  

ОКМК: Жавоҳир Илёсов, Акром Комилов, Сардор Раҳмонов, Аваз Ўлмасалиев, Миржамол Қосимов (Азиз Холмуродов, 46), Гиорги Папава (Аброр Саримсоқов, 68), Дилшод Аҳмадалиев (Азиз Баҳромов, 81), Арихиро Сентоку, Хуршид Ғиёсов, Рубен Санчес (Нодир Абдураззоқов, 81), Клейди Датси (Али Абдураҳмонов, 88).

Голлар: Илҳом Абдуғаниев, 35 – 1:0. Леван Арвеладзе, 41-пен. - 2:0. Клейди Датси, 43 – 2:1. Клейди Датси, 66 – 2:2. Рубен Санчес, 79 – 2:3.

Огоҳлантиришлар: Сардор Азимов, 72. Владимир Бубанья, 72 – Аваз Ўлмасалиев, 68. Рубен Санчес, 79. Жавоҳир Илёсов, 90+3.  

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!