"Андижон"га кимлар келади? Клубни қайси мураббий тарк этди? Боаке АГМКга ўтяптими, Димов-чи? - Ёрқин Назаров таркибдаги ўзгаришларга ойдинлик киритди

“Андижон” клубининг ёзги тайёргарлик йиғини давомида ўз режалари бор. Аввало, таркибдаги ўзгаришлар асосий ўринга чиқмоқда. Чунки клубни тарк этаётганлар бор ва уларнинг ўрнини тўлдириш лозим.

Аслида эса таркибни кучайтириш жуда муҳим. Бу борада ишлар олиб бориляпти. Sports.uz мухбири юқоридагиларни инобатга олган ҳолда жамоа бош мураббийи Ёрқин Назаров билан суҳбат уюштирди.

- “Андижон”нинг тайёргарлик режаси қай тартибда олиб борилади?

- 10 июлдан йиғиламиз. “Навбаҳор” водийдаги барча жамоалар иштирокида турнир ўтказиши керак эди. Менимча, турнир бекор бўлди. Энди режамизга кўра, бир ҳафта давомида жисмоний тайёргарлик бўйича ишлаймиз, Андижонда. Кейин йиғинимизнинг иккинчи босқичида ўйинлар керак бўлади. Ҳамма жамоалар қаерда ўйнайди? Тошкентда. Агар раҳбарият рухсат берса, биз ҳам Тошкентда назорат учрашувларини ўтказамиз. Эшитишимизча, Тожикистоннинг “Истиқлол” клуби ҳам ўша пайтда Тошкентда шуғулланаркан. Иккинчи йиғиндан кейин расмий баҳсга саноқли кунлар қолади.

- Таркиб масаласидаги ўзгаришлар барчани қизиқтиряпти...

- Албатта, таркибни кучайтириш керак.

ёркин2

- Айнан қандай ўзгаришлар бўлади? Билишимча, сизда клубни тарк этадиган футболчилар рўйхати ҳам бор эди...

- Хуллас, айрим ўйинчилар билан хайрлашдик. Ўрнини бошқа футболчилар билан тўлдирамиз. Бир қатор ўйинчилар билан музокаралар кетяпти. Розилик билдирганларни оламиз.

- Клубни кимлар тарк этди?

- Асосан захирада ўтирган футболчиларнинг деярли барчаси тарк этди. Тўғриси, эртага борганда янада аниғини биламан. Масалан, биз гаплашган ўйинчилардан кимлар эртага қўшилади, шуларни кўриб яна вазиятга қараб иш тутамиз.

ёрқин3_1

- Янги легионерлар ҳам келяпти экан-а?

- Ҳа, гаплашиб қўйганмиз. Ҳимоячи, ярим ҳимоячи ва ҳужумчи келади. Бизга хабар келишича, Мартин Боаке жамоадан кетмоқчи экан. Адашмасам, АГМКдан ўтмоқчи шекилли. Биз унга тўсқинлик қилмаймиз. Агар ўша ерда ўйнагиси келса, майли ўйнайверсин. У кетса, ўрнига бошқасини оламиз. АГМКга қарши учрашувдан кейин уларнинг мураббийлар штаби Боакени ёқтириб қолибди. Биз уни ҳайдамаяпмиз. Менимча, уни АГМКга ўтиши бўйича жараён бошланган. Аммо футболчини биз билан йилнинг охиригача тузилган шартномаси бор. Бу борада раҳбарият ҳал қилади.

- Шунингдек, Пламен Димовга ҳам таклифлар бор экан-а?

- Димовга Ўзбекистон клублари қизиқяпти. Уни ҳам шартномаси йилнинг охиригача. Агар раҳбарият билан келишадиган бўлса, кетиши мумкин. Бизда эмас, бошқа клубда ўйнагиси келаётган бўлса, майли кетиши мумкин. “Андижон”ни тарк этадиган бўлса, уни ҳам ўрнига бошқасини оламиз.

- Сир бўлмаса, Димов қайси клубга кетиши мумкин?

- Эшитишимча, унга “Металлург” қизиқяпти. Лекин бу ҳали аниқ эмас. Эртага борганда ўзи билан гаплашаман.  

ёрқин22_2

- “Андижон”нинг етакчилари бирин-кетин кетиб қолса, бу сизни ташвишлантирмайдими?

- Ташвишлантиргани билан уларни мажбурлаб ўйната олмаймиз. Агар бизда ўйнашга хоҳиши бўлмаса, шартнома тузиб қўйгани билан ўзимизда мажбур ушлаб нима қиламиз? Агар ўйнагиси келса, марҳамат. Чунки биз ҳеч кимни кетгизаётганимиз йўқ. Биз учун Жалолиддиновнинг кетгани анча ташвишга солиб қўйди. Ҳозирча унинг позициясига ўйинчи топа олмаяпмиз. Бизни қийнаётган позиция шу.

- Жасурнинг “Локомотив”га кетганига қандай муносабатда бўлдингиз?

- У иқтидорли, яхши футболчи. Бу ўйинчи “Андижон”га келиб қолди. Қанақа қилиб келиб қолганини ҳам билмайман. Бошида келганда яхши спорт формасида эмасди. Охирги уч-тўртта турда у яхши спорт формасига кирганди. Жасур ҳали ёш бола. “Локомотив” уни нимадир қилиб олиб кетяпти. Аммо маслаҳатим, у “Андижон”да қолиб келаси йили хорижга кетиши керак эди. Чунки бу ерда унга катта имконият бергандик. Ўйинни ўзига олишга рухсат ҳам берилганди. Ўзига қўйилган вазифани яхши бажаришни бошлаётганди, мени кўрсатмаларимни бажараётганди. “Локомотив”да ўйнаб кетадими-йўқми, билмадим. Ўзи бу болани яхши ўйнаши учун қаттиқроқ ушлаш керак экан. Қаерда бўлса ҳам омадини берсин. Барибир Жалолиддиновни кетгани биз учун катта йўқотиш. Менга таклиф қилинаётган футболчилар уни ўрнини боса олмайди. Барибир ўрнига яхши ўйинчи топишга ҳаракат қиламан. Ўзбекистонлик футболчи билан музокара олиб бориляпти. Агар ўхшамаса балки легионер ўйинчи билан тўлдирармиз.

- Жалолиддинов билан гаплашдингизми?

- Ўзи билан гаплашдим. 3-4 та тур олдин нима қиласан, қоласанми ёки кетасанми деганимда, кетсам керак, жамоалар чақиришяпти, деганди. Шу боис, унга тўсқинлик қилганим йўқ. Ёшлигимда менга яхши таклифлар бўлганида “Пахтакор” қўйиб юбормаган, нимадир сабаблар билан. Шароитларимни яхшилаб беришган ва клубдан кетмаганман. Шу боис, ҳозирги футболчилардан кимдир кетаман, деса тўсқинлик қилмайман.

ёрқин1_2

- Намангандаги ғалаба мухлисларда яна умид уйғотди. Бу орқали сизга бўлган ишончни оширди. Муҳими, жамоа ўйинида мураббийнинг имзоси борлигини кўпчиликдан эшитяпмиз. Табиийки, таркибда йўқотишлар бўлаётгани ишқибозларни ташвишлантиряпти. Шу сабабли “Андижон”га кимлар келаркин, деган савол асосий ўринга чиқяпти. Айнан кимлар билан музокаралар олиб бориляпти?

- Ўзи “Навбаҳор” билан ўйнаган таркибимизни сақлаб қолганимизда яхши бўларди. Сақлаб қола олмаётганимизни сабаби етакчи футболчиларимизга биздан ҳам кўра яхшироқ шароитларни таклиф қилишяпти, ўша Жалолиддинов, Боаке, Димов кабиларга. Айтдим-ку, улар кетишни хоҳлашса мажбурлаб олиб қола олмаймиз. Энди бошқа футболчиларни олсак, жамоа ўйинини яна бошқатдан тайёрлашимиз керак. Биз истаётган ўйин услубини янги келадиганларга ҳам яна бошқатдан тушунтириб, яхшироқ шакллантиришимиз талаб этилади. Сизга шуни айтишим мумкинки, ҳимоя чизиғимизга Сербиядан яхши ҳимоячи келяпти. Ўрта чизиққа Молдовадан тажрибали футболчи таклиф қилдик. Ҳужум чизиғига украиналик ёш иқтидор эгасини чақирдик. У Украинанинг умидли ўйинчиларидан бири сифатида ҳисобланаётган экан. Ўзбекистондаги футболчиларга келсак, юлдузларни олиб кела олмайдиган бўлиб қолдик. Биз гаплашган ўйинчилар жамоамиз таклиф қилган шароитларимизга келмаймиз, ўзимизда ўйнаймиз, деб айтишди. Барибир яна музокаралар олиб боряпмиз. Фақат уларни номларини айта олмайман. Йиғин пайтида ҳаммаси маълум бўлади. Ҳар қандай ҳолатда ҳам кетган ўйинчиларимизни ўрнини камида улардан ҳам яхшироқ футболчилар билан тўлдиришга ҳаракат қиламиз.

- Дарвозабон масаласи нима бўлади?

- Зиёвутдинов қоляпти. Унга рақобат учун бир-иккита дарвозабонни чақирганмиз, кўрик учун. Йиғинлар пайтида кўрамиз ва яна камида битта дарвозабон олишимиз шарт.

- Мураббийлар штабида ҳам ўзгаришлар бўлиши мумкинлиги ҳақида эшитдим...

- Дарвозабонлар мураббийи Александр Китга жавоб бериб юборишибди. Бу ҳақда кеча билдим. Буни сабабини эртага борганда биламан. Қолганлар штабда ишлаб туришибди.

ёрқин2_1

- Ўзингиз қайсидир мутахассисни штабингизга таклиф қилмаяпсизми?

- Йил охиригача ҳеч кимни таклиф қилмайман. Чунки ўзим чақирмоқчи бўлган мутахассислар ҳозир ўз жойида ишлашяпти. Агар бу йил вазифани бажарсак ва “Андижон”да ишимизни давом эттирадиган бўлсак, у ҳолда келаси йилга янги кадрлар пайдо бўлади.

- Клубда қарздорлик йўқми?

- Қарздорлик озгина бор. Худо хоҳласа, аста-секин қарзлар тўланади. Биз бунга қарамасдан ўз устимизда ишлашда давом этамиз.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
Rostgoy
10/07/2021 00:21
Жалоллиддинов урнига гиждувондан Ислом Исмоилов Зур вариант