"Андижон"нинг собиқ устози: "Иккинчи даврада қайсидир клубда иш бошлашим эҳтимоли катта"

Айни пайтда иш билан банд бўлган ва бунинг акси ўлароқ, дам олаётган мураббийлар ҳам талайгина. Бунинг устига чемпионатимизда биринчи давра тугамасиданоқ бир қатор клубларда бош мураббийлар ўзгарганини яхши биласиз.

Масалан, “Андижон” клубида ҳам мураббий ўзгарган бўлиб, Отабек Ғуломхўжаев истеъфога чиққанидан яхши хабардорсиз. Лекин ушбу ёш мутахассиснинг хизматига қизиқиш билдираётган жамоалар бор. Қуйида у sports.uz сайтига бу борада ўз фикрлари билан ўртоқлашди.

Янги чақирувлар тўғрисида

- Ҳа, менга қизиқиш билдираётган жамоалар бор. Лекин айнан қайси клублардан таклифлар бўлгани хусусида батафсил айтишим шарт эмас. Бошқаларга ҳурматни сақлаган ҳолда индамай тураман. Чунки ҳар кимнинг ўзига яраша варианти бўлади. Тўғриси, ҳозир бироз дам олмоқчиман. Ҳали барчасига улгураман. Аммо мени ишга таклиф қилаётганлар борасида шуни айта оламанки, кимдир бош мураббийликка, яна кимдир клуб инфраструктурасида ишлашим учун чақиришди. Олдимда турган бундай чорловлар борасида ўйлаб кўришга бироз вақтим бор. Менимча, иккинчи даврада қайсидир клубда пайдо бўлишим эҳтимоли катта. Фақат қандай лавозимда ишга киришишим ўшанда билинади.

отабек2_6

"Андижон" ҳақида

- “Андижон” раҳбариятининг футболчиларни тоғли ҳудудда шуғулланиши учун шароит яратиб бергани қувонарли. Биласиз, жамоани жисмонан ва функционал тарзда тайёрлаб олиш учун тоғли ҳудуд бўлса янада яхши. Мураббийлар штабига жисмоний тайёргарлик бўйича мутахассис олинганини эшитдим. Бу орқали футболчиларнинг жисмоний ҳолатини яхшилашга эътибор қаратишяпти. “Андижон” биринчи давра охирига қадар бешта турда Ўзбекистоннинг етакчи клублари билан ўйнайди. Лекин ўйлайманки, ҳар бир рақибга қарши ўйнаса бўлади. “Андижон”даги мураббийларга ва футболчиларга ишонаман. Улар олдинда турган баҳсларда муносиб курашишади. Улар аввало “Насаф” билан учрашув ҳақида ўйлашяпти. Иккинчи давра учун таркибга бир қатор янги футболчилар келиши ҳақида ҳам эшитяпман. Агар шундай бўлса ва жамоа ўйинини ўз қўлига оладиган етакчилар бўлса, “Андижон” ўз сўзини айта олади. Тўғри, чемпионатда танаффуснинг катталиги яхши эмас. Барибир жамоалар майдонда бир хил ҳолатда ва шароитда ўйнашади. Ҳар қандай ҳолатда ҳам “Андижон” учун мухлислик қилиб қоламиз.

о_1

Мураббийликни соғиниши

- Албатта, мураббийликни соғинасиз. Аммо киши қайсидир пайтда ўзига дам беришни ҳам билиши керак. Ўйинларни кўриб турибман, Тошкентдаги учрашувларга боряпман. Мураббийнинг яна футбол билан ҳамнафас бўлиб тургани яхши. Чунки футбол бир жойда турмайди, қандайдир янгиликлар бўлиши мумкин. Бевосита уларни кузатиши мумкин. Ростини айтсам, дам олиш жараёнида узоқ қолмайман ва янги иш жойда пайдо бўлишим ҳам ўзини кўп куттирмайди.

отабек_12

Чемпионат хусусида

- Бу йилги чемпионат жуда қизғин ўтяпти. Турнир жадвалига қарасангиз, яққол аутсайдер йўқ. Ўртада турган жамоа кетма-кет икки-учта ўйинда ютса ва юқоридаги клуб бунинг аксини қилса, ўзаро ўрин алмашиши мумкин. Масалан, “Турон”да уч очко бор. Агар кейинги ўйинларда максимал очколарни йиға олса, 10 очкодан ошиб кетади. Жадвалда катта тафовут йўқ, барчаси бир-бирига зич жойлашган. Чемпионат шуниси билан ҳам қизиқ ўтяпти. Айниқса, водий жамоалари ўз уйида мухлислари қаршисидаги ўйинларни ютиши керак бўлади. Қолаверса, таркиб бўйича номдор ўйинчиларни йиғиб олган, аммо шунга яраша муносиб ўринларда юрмаётган клублар ҳам бор. Улуғбек Бақоев бошқараётган “Сўғдиёна” мавсумни ажойиб ўтказяпти. Мураббий таркибни сақлаб қолиб, унга икки-учта ўйинчи қўшди холос ва барқарорликни сақлаб қолди. Мураббийга икки-уч йил кераклигини “Сўғдиёна” мисолида ҳам кўришимиз мумкин. Мураббий ўзгариши ижобий таъсир қилган клуб сифатида “Металлург”ни айтиш мумкин. Жасур Абдураимов натижаларни яхшилай оляпти. Сафардаги учрашувларда ҳам ютишяпти. Аксар клубларда барқарорлик бор. Иккинчи давра ҳам жуда қизиқарли ўтади. Мухлислар орасида юқоридаги тўртталикни ажратиб қўйишаётгани ҳақида ҳам эшитяпмиз. Аммо ҳаммаси олдинда.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!